Марказ директори ўз нутқи аввалида Босфор саммити турли соҳаларда келажак истиқболларини, режаларни кўриб чиқиш ва фикр алмашиш учун етакчилар, экспертлар ва манфаатдор шахсларни бирлаштирган муҳим халқаро платформалардан бири эканлигини таъкидлади. 

Элдор Туляков саммит иштирокчиларига Ўзбекистон банк-молия соҳасида амалга оширилаётган бугунги ислоҳотлар, шунингдек, келгусида “Ўзбекистон – 2030» стратегиясига асосан амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди. Жумладан, сўнгги йилларда Ўзбекистонда банк-молия секторини модернизация қилиш, валюта бозорининг либераллашуви, Ўзбекистон иқтисодиётига хорижий инвестициялар ҳажмининг ошиши билан боғлиқ кўрсаткичларга тўхталиб ўтди. 

Шунингдек, ҳукумат 2020-2025-йилларда Ўзбекистоннинг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясига мувофиқ, банк самарадорлиги ва уларнинг молиявий барқарорлигини ошириш, банк хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва банк тизимидаги давлат улушини камайтириш борасида ислоҳотларни амалга ошираётгани ва натижада эришиладиган мақсадлар ҳақида гапирди.

2020-2025-йилларда Ўзбекистон банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясининг амалга оширилиши банк секторининг иқтисодиётни ривожлантиришдаги ролини кучайтириш, шунингдек, янги инвестор ва технологияларни жалб қилиш, ўз-ўзидан банк бозорида рақобатни кучайтириш имконини берди, деди у. 

Шунингдек, Элдор Туляков бугунги кунда рақамли молиявий хизматларни ривожлантириш мамлакатнинг банк-молия тизимини ривожлантиришнинг муҳим йўналишига айланганини қўшимча қилди. У соҳанинг меъёрий-ҳуқуқий базаси такомиллаштирилиб, тўлов инфратузилмасини ривожлантириш рағбатлантирилаётгани, масофавий банк хизматларини кўрсатишга ихтисослашган тўлов компаниялари сафи ортиб бораётгани, умуман, Ўзбекистон банк секторини рақамли трансформация қилиш доирасида эришилаётган натижалар ҳақида маълумот берди.

Шу билан бирга, “Ўзбекистон – 2030» стратегиясида ҳам мамлакатда молия-банк секторини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича қатор чора-тадбирлар кўзланганини алоҳида таъкидлади. Унга кўра, банк ва молия тизимида йиллик кредитлаш ҳажмини 40 миллиард долларга етказиш, банк омонатлари ҳажмини 4 баробарга ошириш вазифаси белгиланган. 

Бундан ташқари, банкларни хусусийлаштириш ва давлат ихтиёрида 3-4 та банкни сақлаб қолиб, банк бозорига камида 4 та йирик нуфузли чет эл банкини жалб қилиш орқали банкларнинг капиталлашуви, самарадорлиги ва рақобатбардошлигини ошириш, соҳага янги технологиялар ва халқаро стандартларни жорий қилиш, шунингдек, Ўзбекистон банк секторининг жаҳон молия тизимига интеграциялашувини кучайтириш мақсад қилинмоқда.

Шунингдек, Стратегияда банкларга халқаро тан олинган минимал стандарт ва талабларни жорий қилиш орқали меъёрлар ва назорат базаларини такомиллаштириш, камида 3 та тижорат банкида ислом молияси мезон ва тартибларини жорий этиш, унинг қонуний асосларини шакллантириш, судга киритилган даъволар бўйича кредитларга оширилган фоиз ва жарима ҳисоблашни тўхтатиш механизмларини йўлга қўйишдек муҳим вазифалар белгиланган.