2020 йил 1 сентябрга қадар телевизион видеодарслардан фойдаланишда ўқувчи, ўқитувчи ва ота-оналарга қулайлик яратиш мақсадида www.maktab.uz платформаси яратилади ва умумтаълим муассасалар тизимида ягона марказлашган виртуал (онлайн) мактаб сифатида татбиқ этилади. www.maktab.uz платформаси вазирлик томонидан эълон қилинган ҳукумат қарори лойиҳаси асосида яратилмоқда.
Ҳужжатга кўра, доимий равишда ишлайдиган телестудиянинг Миллий телерадиокомпанияси базасида "Онлайн мактаб" лойиҳасини яратиш режалаштирилган. Лойиҳа доирасида жалб этиладиган ўқитувчиларга ҳар бир телевизион видеодарс ва видеомашғулотлар учун (асосий иш ҳақидан ташқари) базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 фоизи миқдорида, муҳаррир ва сурдопедагогларга ҳар бир ишлаган куни учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида қўшимча ҳақ тўлаш таклиф этилмоқда.
Maktab.uz порталини ривожлантириш мақсадида мазкур портални мобил алоқа операторлари томонидан доимий равишда беғараз тарғибот ишлари (мижозларга SMS хабарлар орқали ва қўшимча хизмат тариқасида) олиб бориш таклиф этилмоқда.
Ушбу платформани яратиш орқали мамлакатда коронавирус пандемияси туфайли бошланган масофавий таълимни такомиллаштириш режалаштирилган.