Президент Афғонистондаги ҳозирги ҳолатга баҳо бериб уни ҳал этишга қаратилган устувор вазифаларни белгилаб берди.

Шавкат Мирзиёев бугун Афғонистонда янги воқелик шакллангани ва толибларнинг ҳокимиятга келгани бу амалга ошиб бўлган факт эканини таъкидлади. Шу муносабат билан Ўзбекистон Президенти Афғонистондаги вазиятга нисбатан ягона ёндашувни ишлаб чиқиш муҳимлигини айтиб ўтди.

Янги Афғон ҳукумати билан ўзаро алоқаларда қуйидаги асосий тамойилларга амал қилиш муҳимлиги таъкидланди:

1) Афғон жамиятининг барча қатламларининг давлат бошқарувида кенг иштирокини таъминлаш;

2) Афғонистоннинг терроризм ва наркобизнес таҳдидалри манбаига айланишига йўл қўймаслик;

3) аёллар ва этник озчилик ҳуқуқларини таъминлаш.

Ўзбекистон раҳбари саммит иштирокчилари эътиборини Афғонистонда юзага келиши мумкин бўлган гуманитар инқирознинг олдини олишга қаратди. Шавкат Мирзиёев Афғонистонга ижтимоий ва иқтисодий ёрдамни давом эттириш, шунингдек, хорижий банкларда жойлашган давлат активларига ўрнатилган чекловларни ечишни кўриб чиқиш кераклигини таъкидлади.

Ўзбекистон Президенти Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш масалаларини атрофлича муҳокама қилиш мақсадида ШҲТ доирасида юқори даражадаги доимий учрашувларни ўтказиш ташаббусини илгари сурди ва унинг биринчи йиғилишини Тошкентда ташкил этишни таклиф қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистондаги вазият бўйича қарашларини ўрганиш натижасида, унинг стратегик, чуқур таҳлил ва тушунишга асосланганлигини кўришимиз мумкин.

Биринчидан, Афғонистондаги ҳозирги ҳокимиятни инкор этиш вазиятни янада кескинлаштириб, гуманитар инқирознинг пайдо бўлиши, террористик ташкилотлар фаолиятининг кучайиши, янги фуқаролар уруши бошланиши, турли манфаатларни кўзлаган алоҳида давлатлар гуруҳлари шаклланишига олиб келиши мумкин. Буларнинг барчаси эса Афғонистонда тинчлик ўрнатилиш истиқболини ортга суради.

Иккинчидан, инклюзив сиёсий жараённи таъминлаш, умуммиллий келишувга эришиш, мавжуд савдо-иқтисодий, транспорт, логистика ва энергетика алоқаларини сақлаб туришда Афғонистондаги янги ҳокимият билан алоқа ўрнатиш муҳим. Буни тушунган Афғонистондаги вазиятни ҳал этишда иштирок этаётган аксарият минтақа ва дунёдаги етакчи давлатлар олдин "Толибон" ҳаракатига қарши бўлишига қарамай толиблар билан алоқа ўрнатишга киришмоқда.

Учинчидан, ШҲТ доирасидаги юқори даражадаги мунтазам алоқалар афғон муаммосининг амалий ҳал қилинишига катта таъсир кўрсатиши мумкин. Бу борада ШҲТ – Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишидан манфаатдор бўлган барча давлатлар иштирок этадиган ягона ташкилот ҳисобланади.

Агар Марказий Осиё давлатлари, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон ШҲТнинг аъзоси ҳисобланса, Эрон кузатувчи ва Туркия мулоқот бўйича шерик мақомига эга.

Қолаверса юқорида санаб ўтилган давлатлар бугунги кунда Афғонистоннинг асосий иқтисодий ҳамкорлари ҳисобланади (умумий савдо ҳажмининг 83 фоизи) ва энегетика хавфсизлигини таъминлайди (импорт қилинадиган электр энергиянинг 80 фоизи).

Умуман олганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон бўйича ташаббус ва таклифлари Ўзбекистон Афғонистон билан дўстона ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантиришга қатъиий содиқлигини, афғон инқирозининг ҳал этилишидан манфаатдорлигини, Афғонистонда узоқ муддатли ва барқарор тинчлик ўрнатилиш тарафдори эканлигини яна бир бор намойиш этади.

Бахтиёр МУСТАФОЕВ,

 Марказий Осиё халқаро институти директори ўринбосари