Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги хабар бердишича, Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идоралари масъулларидан иборат бир гуруҳ вакиллари Афғонистон давлатида бўлиб турибди.
Делегация таркибида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги бошқармаси бошлиғи Шерзод Якубов ҳам бўлиб, фармацевтика ва соғлиқни сақлаш соҳасида Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик масалаларида музокаралар олиб борди.
Хусусан, Афғонистоннинг “Fyucher Vels Trayding” компанияси директори Г.Фаҳим билан Ўзбекистондаги ишлаб чиқарувчилар томонидан йилига ўртача 1 млн долларлик протеин ва витамин комплексларини етказиб бериш бўйича келишувларга эришилди.
Шунингдек, Афғонистон Аҳоли саломатлиги вазирлигининг фармацевтика хизматлари директори Ҳамид Фурмули билан мазкур мамлакатдаги «Ибн Сина» корхонаси негизида шартнома тузиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, стоматология хизматлари кўрсатиш бўйича Кобул шаҳрида атиги битта корхона фаолият кўрсатиб келаётган бўлиб, учрашувлар давомида Афғонистон тиббиёт ходимларини «Health manager» бўйича малакасини ошириш, қисқа муддатли курсларда ўқитиш масалалари келишилди.
Мазкур ҳолатлар эътиборга олиниб, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган дори маҳсулотларини ушбу мамлакат бозорига етказиш борасида Афғонистон «Озиқ-овқат ва дори воситаларини сифатини назорат қилиш» миллий уюшмаси раиси, доктор А.Умар билан самарали музокаралар олиб борилди.
Хусусан, давлат рўйхатидан ўтказишнинг ўзаро соддалаштирилган тизимини (25 кунгача) жорий қилиш бўйича келишув лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.