Маълум бўлишича, Ижтимоий фикр жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази «Ўзбекистон: сайлов — 2021» мавзусидаги жамоатчилик фикри телефон сўровларининг учинчи босқичини ўтказган.
Унда президентликка бўлажак сайловда аҳолининг 88,2 фоизи иштирок этишга тайёр экани маълум бўлган. Таъкидланишича, сайловда фуқароларнинг электорал хулқ-атвор хусусиятлари аниқланган. Ўзбекистонликларнинг электорал нуқтаи назарлари, уларнинг овоз беришда иштирок этишга тайёрлиги ва мамлакат сиёсий ҳаётига жалб этилганлиги даражаси ўрганилган.
Сўровда мамлакатнинг турли минтақаларида яшовчи фуқаролар: шаҳарлик ва қишлоқдагилар, эркак ва аёллар, турли миллат ва ижтимоий қатлам вакиллари, иқтисодиётнинг давлат ва хусусий сектори ходимлари, ёшлар, ўрта ҳамда катта ёшдаги кишилар иштирок этган.