Ўзбекистон-АҚШ ҳамкорлигининг кенг доираси хусусан, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, меҳнат муносабатлари, гендер тенглиги соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.
Очиқ мулоқот ва ўзаро ишончга асосланган Ўзбекистон-АҚШ кўп қиррали ҳамкорлиги жадал ривожланаётгани, икки томонлама муносабатлар сиёсат, хавфсизлик, иқтисод ва инсон ҳуқуқлари йўналишлари бўйича Стратегик шериклик мулоқот даражасига кўтарилгани қайд этилди.
Икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда парламентлараро мулоқот муҳим ўрин тутади. Шу нуқтайи назардан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг парламентлараро гуруҳининг АҚШ Конгресси билан ҳамкорлик бўйича мулоқоти ҳамда АҚШ Конгрессидаги “Ўзбекистон бўйича кокус” фаолияти сиёсий ва иқтисодий соҳаларда Ўзбекистон-Америка муносабатларини тизимли ривожлантиришнинг ва парламент дипломатияси воситасида муҳим масалаларни ҳал этишнинг самарали механизмига айлангани алоҳида эътироф этилди.
Суҳбат давомида иқтисодий ҳамкорлик масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Икки томонлама стратегик шерикликни мустаҳкамлашга таркибига 38 та етакчи компания кирадиган Америка-Ўзбекистон савдо палатаси салмоқли ҳисса қўшаётгани, 2023 йил январь-июль ойларида товар айирбошлаш ҳажми 321,5 миллион долларни ташкил этгани таъкидланди. Инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва икки давлат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, меҳнат муносабатлари йўналишидаги ҳамкорликни изчил давом эттириш, бунда муносиб меҳнат шароитларини яратиш, меҳнат соҳасига халқаро стандартларни жорий этиш каби масалаларда доимий маслаҳатлашувларни олиб боришга келишиб олинди.
Маълумки, Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари нафақат икки томонлама ҳамкорлик доирасида, балки кўп томонлама форматларда ҳам ўзаро манфаатларни инобатга олган ҳолда мустаҳкамланиб боряпти. Шу жумладан “Марказий Осиё – АҚШ” 5+1 форматидаги Мулоқот ҳам. Ушбу формат доирасида келгуси йилда Америка томони (USAID) билан тадбиркор аёлларнинг 5+1 форматида ўтадиган Халқаро форум, унда тадбиркор аёлларнинг фаол иштироки масалалари ҳам муҳокама этилди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.
Шунингдек, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, эътиқод ва сўз эркинлиги масалалари ҳам алоҳида эътибор марказида бўлди.