Тадбирда туризм соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Россия томон Ўзбекистонда сайёҳлик соҳаси, инфратузилма ва туризмнинг янги турларини ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ишлар, мамлакатда пандемия даврида соҳани тезкор тиклаш мақсадида туризм бизнесини қўллаб-қувватлашга доир кўрилаётган чоралар, шунингдек халқаро туризмни тиклаш учун шароитларни босқичма-босқич юмшатиш ҳақидаги маълумотлардан батафсил хабардор қилинди.

РТОА раҳбариятига жаҳон стандартларига жавоб берувчи «Uzbekistan. Safe Travel GUARANTEED» санитар-эпидемиологик хавфсизлик тизимининг йўлга қўйилиши, «Хавфсиз объектлар реестри»нинг яратилиши ҳамда ички ва ташқи туризмни ривожлантиришдаги хавфсизлик шароитларини ташкил қилишга оид бошқа чора-тадбирлар ҳақида маълумотлар тақдим этилди.

Музокаралар давомида Россияда Ўзбекистон барча мавсумларда саёҳат қилиш мумкин бўлган йўналиш сифатида кўрилаётгани қайд этилиб, мамлакатимизнинг россиялик сайёҳлар орасида катта қизиқиш уйғотаётгани ҳамда мунтазам авиарейслар очилиши кутилаётгани таъкидланди.

Онлайн учрашув якунларига кўра, томонлар Ўзбекистон- Россия туркомпаниялари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек Россия аҳолиси ўртасида Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини тарғиб қилишда Ассоциация майдонидан фойдаланиш учун мазкур форматдаги мулоқотни давом эттиришга келишиб олишди.