Мақола муаллифи - Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов Ўзбекистон Афғонистонга нисбатан анъанавий тарзда ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик ва манфаатларни ҳисобга олиш тамойилларига асосланган дўстлик сиёсати юритаётганини таъкидлаган.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 28 ноябрь куни Ашхободда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 15-саммитидаги нутқида Афғонистондаги мураккаб вазиятга алоҳида тўхталиб ўтгани маълум қилинган.
"Дунё" АА мухбирининг таъкидлашича, нашр Ўзбекистон Президенти нутқидан “Халқаро ҳамжамият, жумладан, яқин қўшнилар ёрдамисиз афғон халқи якка ҳолда бу қийин синовлардан ўта олмайди. Шу боис афғон халқига зарур ёрдам кўрсатиш бўйича саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш ва умумий ёндашувларни ишлаб чиқишимиз керак”, деб иқтибос келтирган.
2016 йилдан буён Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида барча даражаларда тизимли мулоқот олиб борилаётгани, бу алоқалар энг мураккаб дамларда ҳам узилиб қолмагани қайд этилган. Ўзбекистон бугун ва истиқболда Афғонистоннинг нафақат яккаланиб қолишининг олдини олиш, балки қўшни давлатга инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни фаоллаштириш заруратидан келиб чиқмоқда. Тошкент Афғонистон билан чегарани очиб, зарур товарлар, хусусан, озиқ-овқат ва нефть маҳсулотлари етказиб беришни тиклагани, электр энергиясини узлуксиз етказиб беришни давом эттираётгани хабар қилинган.
Ўзбекистон ўз сиёсатида Афғонистоннинг Марказий Осиёдаги иқтисодий-хўжалик алоқаларига қўшилишига устувор аҳамият бермоқда. Кобул билан ўзаро ҳамкорликни босқичма-босқич ва тўлиқ тиклаш, жумладан, халқаро шериклар иштирокида “Сурхон – Пули-Ҳумри” электр линияси, шунингдек, “Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўли қурилиши каби йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари юзасидан музокаралар олиб бормоқда, деб таъкидланган мақолада.
Ўзбекистон барқарор, тинч ва фаровон Афғонистон кўпмиллатли афғон халқи, унинг минтақадаги қўшнилари ва бутун жаҳон ҳамжамиятининг манфаатларига жавоб беришига ишонч билдиради.