Анжуман БМТ томонидан Буюк Британия, Германия ва Қатар ҳукуматлари билан биргаликда БМТнинг Афғонистондаги гуманитар фаолиятини молиялаштириш учун донорлик маблағларини сафарбар қилиш ва ушбу мамлакатдаги гуманитар инқирозга халқаро ҳамжамият эътиборини жалб қилиш мақсадида ташкил этилди.

Тадбир очилишида БМТ Бош котиби Антонио Гуттериш ва ташкилотчи мамлакатларнинг ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари сўзга чиқдилар. Ялпи мажлис доирасида Афғонистондаги ҳозирги гуманитар вазият, жумладан, хотин-қизлар ва болалар аҳволига алоҳида урғу берилган ҳолда муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Владимир Норов ўз нутқида, Ўзбекистоннинг Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ва мамлакат муваққат ҳукумати билан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасидаги позицияси ва қарашларини тилга олди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси томонидан афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш борасида амалга оширилаётган аниқ чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берилди. Афғонистонга кўмаклашиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни сафарбар қилиш ва мувофиқлаштиришда БМТнинг фаол иштирок этиши муҳимлиги қайд этилди.