Сизларни 26 январь – Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни билан самимий табриклайман.
Мустақиллик йилларида божхона органлари мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш ва чегараларимиз дахлсизлигини асрашда давлатнинг ишончли таянчи бўлиб келмоқда.
Хусусан, Янги Ўзбекистон шароитида божхона органлари замонавий, очиқ ва самарали тизимга айланиб, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Сизларнинг билим ва тажрибангиз, касбий маҳорат ва қатъиятингиз мамлакатимиз иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Айниқса, соҳани рақамлаштириш, ортиқча бюрократия ва инсон омилини камайтириш ва халқаро стандартларни жорий этиш борасидаги амалий ишларингиз алоҳида эътиборга лойиқ.
Соҳадаги туб ислоҳотлар туфайли кейинги йилларда божхона расмийлаштируви вақти 40 фоизга қисқартирилди, декларацияларнинг 20 фоизи инсон омилисиз амалга оширилмоқда. 2025 йилда 76,2 триллион сўм божхона тўловлари ундирилиб, бу кўрсаткич 21 фоизга ошди ва унинг давлат бюджети даромадларидаги улуши 25 фоизга етди.
Шунингдек, 1,2 триллион сўмлик товарларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Хавфларни олдиндан таҳлил қилиш натижасида 7 триллион сўм, товарларни расмий импортга жалб этиш орқали қўшимча 2,3 триллион сўм бюджет маблағи ундирилиши таъминланди.
Шу билан бирга 1,8 тонна гиёҳвандлик, 1,1 тонна психотроп ва кучли таъсир этувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйилди. Жаҳон савдо ташкилоти талаблари асосида божхона тартиб-таомиллари соддалаштирилди. Жаҳон божхона ташкилоти билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилди. Янги Ўзбекистон божхонасининг халқаро нуфузи юксалиб бормоқда.
Мамлакатимиз божхона лабораторияси ва кинология марказининг минтақавий филиал мақомига эга бўлиши, Божхона институтининг “PICARD” дастури стандартлари асосида аккредитациядан ўтиши, божхона идорамизнинг мазкур ташкилот Аудит қўмитаси аъзолигига сайланиши ҳам шундан далолат беради. Божхона тизимида билимли, ташаббускор ёш кадрлар сафининг кенгайиб бораётгани, уларнинг малакали халқаро экспертлар сифатида эътироф этилаётгани қувонарлидир.
Қадрли соҳа вакиллари!
Бугунги мураккаб замонда иқтисодий хавфсизликни таъминлаш, жумладан, келгуси беш йилда “яширин иқтисодиёт” улушини икки карра қисқартиришда божхона органлари фаолиятини кучайтириш – долзарб вазифадир. Айниқса, мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиб кириши муносабати билан божхона тизимининг иш самарадорлиги ва масъулиятини тубдан ошириш зарур.
Шу боис соҳани ҳар томонлама ривожлантириш, унинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, ходимлар меҳнатини муносиб рағбатлантириш доимий эътиборимиз марказида бўлади. Ушбу шонли айёмда ўз хизмат бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлган мард ва жасур ходимлар хотирасини ҳурмат билан ёдга олиб, уларнинг оилалари ва фарзандларига эзгу тилакларимизни йўллаймиз.
Ҳурматли божхона органлари ходимлари!
Муҳтарам фахрийлар!
Сизларни яна бир бор чин дилдан қутлаб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Масъулиятли ва шарафли хизматингизда янги ютуқ ва зафарлар ёр бўлсин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти