Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумотига кўра, бўлиб ўтган мулоқот икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ҳамкорликни янада фаоллаштириш ва кенгайтириш масалалари, шунингдек, икки ва кўп томонлама ҳамкорлик доирасида қўшма ташаббусларни амалга оширишнинг жорий ҳолатини муҳокама қилишга бағишланди.
Сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар юксак ишонч ва ўзаро англашув билан ажралиб турадиган янги босқичга кўтарилгани, бу икки томонлама ҳамкорликнинг янги механизмларини жорий этиш ва янги йўналишларда яқин алоқаларни ўрнатиш имконини бергани таъкидланди.
Сиёсат, инвестициялар, савдо, молия, саноат, соғлиқни сақлаш, таълим ва инновация соҳаларида конструктив мулоқотни кенгайтиришга ўзаро тайёрлик билдирилди.
Ушбу ойда бўлиб ўтган “Марказий Осиё + Япония” Мулоқоти доирасидаги ташқи ишлар вазирларининг 8-йиғилишининг мазмун-моҳияти таъкидлаб ўтилди. Тадбир давомида унинг иштирокчилари ҳамкорликни янада кенгайтириш ва ўзаро ҳамкорлик кун тартибини Мулоқотда иштирок этувчи мамлакатларнинг барқарор ривожланишини таъминлашга йўналтирилган минтақавий аҳамиятга молик ўзаро манфаатли ва кўп томонлама лойиҳалар билан бойитиш юзасидан таклифлар алмашиш имкониятига эга бўлди.
Энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, хусусий секторни ривожлантириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш жараёни кўриб чиқилди ҳамда юзага келаётган барча масалалар бўйича ўзаро мақбул ечимлар ишлаб чиқилди.
Учрашув якунида томонлар икки мамлакат ўртасида сиёсий, иқтисодий, молиявий ва техник, маданий ҳамкорликни илгари суриш мақсадида мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.