Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари ўтказган таҳлил давомида мамлакатимиздан товарлар ва хизматлар экпорт қилинадиган мамлакатлар сони ортгани ва товар номенклатурасидаги маҳсулотлар тури ҳам кўпайгани аниқланди.
Жумладан, 2017-2022 йиллар мобайнида мамлакатимизнинг экспорт географияси 16 мамлакатга кенгайиб, бугунги кунда маҳсулотларимиз 117 давлатга етиб бормоқда. Хусусан, Перу (3 965,9 минг АҚШ доллари), Албания (3 196,3 минг АҚШ доллари), Шимолий Македония (1 454,7 минг АҚШ доллари), Сенегал (311,7 минг АҚШ доллари), Маврикий (303,1 минг АҚШ доллари) каби мамлакатларга ҳам маҳсулотларни экспорт қилиш йўлга қўйилди. Товар номенклатурасида 2017 йилдаги 179 хил маҳсулот тури 2022 йилга келиб 200 дан ортди.
Шунингдек, пахта толаси экспортидан воз кечилиб, унинг ўрнига пахтадан тайёрланган қўшилган қиймати юқори товарлар экспорти йўлга қўйилди. Жумладан, умумий қиймати 1 613,5 миллион долларга тенг бўлган пахтадан йигирилган ип, 644,9 миллион долларлик тайёр трикотаж ва тўқимачилик маҳсулотлари, 242,8 миллион долларлик нақшли мато, 131,6 миллион долларлик газламалар, 78,1 миллион долларлик ипак ва ипак маҳсулотлари, 42,1 миллион долларлик гилам маҳсулотлари экспорт қилинди.
Маиший техника воситаларидан чангютгич, кир ювиш машинаси, газ плитаси, телевизор каби товарлар қуйидаги мамлакатларга етказиб берилмоқда:
– Чангютгичлар – Қозоғистон, Россия, Украина, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжонга.
– Кир ювиш машиналари – Тожикистон, Қозоғистон, Россия, Қирғизистон, Озарбайжон, Молдова, Туркманистон, Туркияга.
– Газ плиталари – Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Арманистонга.
– Телевизорлар – Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Арманистон, Қирғизистонга.