Дунёнинг 110 мамлакатидан қарийб 3 минг 600 нафар спортчи иштирок этадиган ўйинларда Ўзбекистон терма жамоаси ҳам қатнашади.

Жаҳон ўйинлари ҳар 4 йилда ўтказиладиган, дастурининг аксарияти ноолимпия спорт турларидан ташкил топган комплекс мусобақа ҳисобланади. Ўтган йили ўтказилиши лозим бўлган мусобақа эпидемиологик вазият сабаб 1 йилга сурилган.

Регламентга кўра, мусобақада иштирок этиш учун спортчилар ўз йўналишларида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган бўлиши ёки маълум квалификацион мусобақадан ўтиши керак.

Бу йилги Бутунжаҳон ўйинларида Достон Отаболаев (каратэ), Екатерина Фетисова (бадиий гимнастика), Дарья Латишева (ушу), Баҳромжон Машарипов (жиу-житсу), Фанат Қаҳрамонов (муай-тай) юртимиз шарафини ҳимоя қилади.

Бутунжаҳон ўйинларида дастурида акробатика, роллерда фигурали учиш, соҳил волейболи, боулинг, сумо, арқон тортиш каби 30 та спорт турини учратиш мумкин. Мусобақа тарихида Ўзбекистон вакиллари 1997 йил 1 тадан олтин ва кумуш, 2005 йил 1 та бронза медалига сазовор бўлган.

Спорт ўйинлари 17 июлгача давом этади.