Тадбирда тақдим этилган биринчи мукофотга Ўзбекистон чим устида хоккей федерацияси муносиб кўрилди.

Ташкилотчилар Марказий Осиё минтақасида йирик хоккей марказига айланишга интилаётгани, қолаверса, янги инфратузилма яратиш ҳамда ёшлар орасида чим устида хоккей спортини ривожлантиришнинг ўзига хос моделлари орқали шароитларни яхшилаш борасида улкан саъй-ҳаракатларни амалга ошираётгани учун мамлакатимиз чим устида хоккей федерациясини Европа чим устида хоккей федерациясининг асосчиси ва биринчи президенти Пабло Негре номидаги мукофот билан тақдирлади, дея хабар беради Туризм ва спорт вазирлиги ахборот хизмати

Умуман, FIHнинг 47-Конгрессида жаҳонда чим устида хоккей спортини ривожлантириш йўлида салмоқли ишларни амалга ошираётган шахслар ҳамда ташкилотлар эътирофга лойиқ кўрилди. Улар сафида Ўзбекистон чим устида хоккей федерациясининг ҳам борлиги, Янги Ўзбекистонда спортни ривожлантириш борасида янгича қараш шаклланаётгани ва бу саъй-ҳаракатлар халқаро спорт ташкилотлари томонидан юксак даражада эътироф этилаётганидан дарак беради.