Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети жамоасининг жисмоний тарбия ва спорт, илму маърифат ҳамда таълим-тарбия соҳасидаги ютуқларни ёритиш, университетда кўп йиллар фаолият кўрсатган, ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтган фидойи устозлар, спортчилар тўғрисида жамоатчиликни кенг таништириш мақсадида “Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети 65 ёшда” номли мегатанлов 2020 йилнинг 1 июнидан бошлаб эълон қилинган эди.
Танлов миллий ва ҳудудий босма оммавий ахборот воситалари, интернет нашрлари, ахборот агентликлари, телерадио журналистлари ўртасида “Энг яхши журналистик материал” ҳамда олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, талабалари ўртасида “Энг яхши мақола” номинациялари бўйича ўтказилди.
– Мегатанлов профессор-ўқитувчилар, талабаларнинг оммавий ахборот воситаларида, интернет сайтларида ва университет сайтида олийгоҳнинг тарихи, бугуни акс этган мақолалар билан фаол иштирок этишини таъминлаш мақсадида ташкил этилди. Мана шу каби танловлар университетимизнинг тарихи ва спорт соҳасида эришаётган ютуқларини талаба-ёшларга етказибгина қолмасдан, уларнинг ўзи таълим олаётган олийгоҳдан фахрланиб юриши учун замин яратиши шубҳасиз, – дейди университет проректори И.Аҳмедов.
Тадбирда “Энг яхши журналистик материал” номинацияси бўйича Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Sport” телерадиоканали” давлат унитар корхонаси “Болалар спорти, оммавий спорт ва халқ ўйинлари” бош муҳарририяти бош муҳаррири ўринбосари Акбарали Аллаев 1-даражали, Olamsport.com сайти мухбири Илҳом Раҳмонов 2-даражали, “Sport”, “Спорт+”, “Ўзбекистон футболи” газеталари бош муҳаррири Мирзаҳаким Тўхтамирзаев ва Olamsport.com сайти мухбири Азиз Тўхтамуродов 3-даражали диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шунингдек, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари ўртасида ўтказилган “Энг яхши мақола” номинацияси бўйича фаол иштирок этган Чирчиқ давлат педагогика институти катта ўқитувчиси Лутфулло Ахатов ва Нукус давлат педагогика институти талабаси Дилдора Қурбоновага университет ташакурномаси тақдим этилди.