БМТ шафелигида ўтган халқаро анжуманда ушбу тузилма Бош котиби А.Гутерриш, Покистон Бош вазири Ш.Шариф, БАА атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири М.Мҳеирий, Қатар ташқи ишлар бўйича Давлат вазири Султон бин Саад Ал-Мурейҳий, Швейцария Федерал ташқи ишлар департаменти раҳбари И.Кассис, шунингдек, Греция, Буюк Британия, АҚШ, Япония делегациялари, халқаро ва минтақавий молия-банк институтлари ҳамда нодавлат ташкилотлари вакиллари қатнашди.
Гибрид шаклида ўтган тадбир очилишида Европа комиссияси президенти У.фон дер Ляен, Франция президенти Э.Макрон, Туркия президенти Р.Эрдоған, Норвегия Бош вазири Ж.Стёре сўзга чиқди.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари Б.Саидов ўз нутқида табиий офатлардан жабр кўрган аҳолини қўллаб-қувватлаш, талафотлар кўрган инфратузилмани ва қишлоқ хўжалигини тиклаш масалаларига жаҳон ҳамжамиятининг устувор вазифалари сифатида эътибор қаратди.
Форум иштирокчиларига республикамизда амалга оширилаётган экологик дастурлар, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Яшил макон» кенг кўламли ташаббуси тўғрисида маълумот тақдим этилди. Орол денгизининг қуриши муаммосига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Мамлакатимизда экологик офат оқибатларини юмшатиш, Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш бўйича амалга оширилаётган тизимли ишлар хусусида маълумот берилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ТИВ раҳбари ташриф давомида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф, ушбу мамлакат ташқи ишлар вазири Билавал Бхутто-Зардорий, Қатар ташқи ишлар бўйича давлат вазири Султон бин Саад Ал-Мурейҳий, Бирлашган Араб Амирликлари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири Марям Мҳеирий, Ислом тараққиёт банки Президенти Муҳаммад Сулаймон ал-Жассир, Осиё инфратузилма инвестициялари банки вице-президенти Константин Лимитовский билан икки томонлама учрашувлар ўтказди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.