Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Н.Умаров бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси ялпи мажлисда онлайн режимда иштирок этди.
Ушбу тадбир доирасида илк бор Жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳига аъзо давлатлар парламентлари тегишли қўмиталари вакилларининг Форуми бўлиб ўтди. Унинг ишида Қозоғистон Республикаси, Туркманистон, Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси парламентлари вакиллари иштирок этди.
Форум иштирокчилари жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича қонунчиликни такомиллаштиришнинг долзарб масалаларини, Жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳига аъзо мамлакатлар тажрибаси ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таҳлилни муҳокама қилди.
Парламент аъзолари ўз чиқишида жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашишда қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятнинг ўзаро ҳамкорлиги амалиёти юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Хусусан, Н.Умаров ўз нутқида жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш миллий тизимини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотларга алоҳида тўхталди, шунингдек, мустаҳкам ҳуқуқий ва институционал базани яратиш, парламент ва ижро этувчи ҳокимият ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик тажрибаси, Евроосиё ҳудудида парламентлар ўртасида конструктив мулоқотни таъминлаш бўйича таклифлар ҳақида сўз юритилди.
Форум иштирокчилари жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича миллий стратегияларни амалга ошириш ва қонун ҳужжатларини қабул қилишда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, тажриба ва илғор тажриба алмашиш мақсадида биргаликдаги ишларни шу каби кўп томонлама форматда мунтазам давом эттириш ташаббусини қўллаб-қувватлади.
Форум якунлари бўйича мамлакатлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни ривожлантириш ва «жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш» миллий тизимларини такомиллаштириш нуқтаи назаридан ҳамкорликни мустаҳкамлашни назарда тутувчи резолюция қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.