Сафардан кўзланган мақсад Сингапур таълим моделини чуқур ўрганиш, таълим сифатини ошириш жараёнида ушбу мамлакат тажрибасини қўллаш юзасидан келишувга эришиш, мактабларда Science ва STEM фанларини ўқитиш методикаларини таҳлил қилиш, таълим бошқаруви кадрларини тайёрлаш ва малакасини ошириш дастурларини ушбу мамлакат тажрибаси асосида такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.

Ташрифнинг дастлабки кунида делегация аъзолари Ўзбекистоннинг Сингапурдаги элчиси Қаҳрамон Шокиров ҳамроҳлигида Сингапур таълим вазирлигига боришди. Вакилларимизни вазирнинг халқаро ҳамкорлик бўйича маслаҳатчиси доктор Лиан Хуи бошчилигидаги мутахассислар кутиб олди.

Муҳокамалар давомида вазирликнинг лойиҳалаштириш бўйича мутахассиси жаноб Кван Қи Хангнинг Сингапур таълим тизими бўйича тақдимоти тингланди.

Шунингдек, вазирлик вакилларига Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бош бошқарма бошлиғи Аслиддин Одилов Ўзбекистон таълим тизими бўйича тақдимот қилди.

Куннинг иккинчи ярмида делегация аъзолари Сингапур давлат имтиҳонлари ва баҳолаш кенгашида бўлди. Ушбу ташкилот раҳбари бошчилигидаги мутахассислар кенгаш фаолиятига оид тақдимот ўтказди ҳамда томонлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Шундан сўнг делегация аъзоларига имтиҳон жавоб варақаларини текширишнинг электронлаштирилган тизими ва бевосита экспертлар томонидан текшириш жараёни таништириб ўтилди, дейилади инспекция ахборот хизмати хабарида.