Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов бошчилигидаги делегацияция баҳорги йиғилишларнинг икки муҳим тадбири — Халқаро валюта жамғармасининг (ХВЖ) Халқаро валюта ва молия қўмитаси бошқарув кенгашининг 45-йиғилиши, шунингдек, Жаҳон банки гуруҳининг Тараққиёт қўмитаси бошқарув кенгашининг 105-йиғилишида иштирок этди, деб хабар бермоқда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ахборот хизмати.
Баҳорги йиғилишлар доирасида делегациямиз Жаҳон банки гуруҳи президенти Давид Малпасс, Халқаро валюта жамғармаси ижрочи директори Кристалина Георгиева, Жаҳон банки гуруҳининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Анна Берде, Халқаро молия корпорацияси директори Махтар Диоп, Халқаро инвестицияларни кафолатлаш агентлиги директори Хироши Матано билан икки томонлама учрашувларда иштирок ўтказди.
Ташриф давомида бир қатор битимлар, хусусан, Халқаро молия корпорацияси билан республикамизда шамол станцияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича шартнома имзоланган.
Бундан ташқари, мазкур йиғилишлар доирасида 20дан ортиқ Халқаро молиявий ташкилотлар, инвестицион банклар ва рейтинг агентликлари билан музокаралар ўтказилди.