Тадбирда ЮНEСКО раҳбарияти, Бош конференция ва Ижроия кенгаши таркиби ҳамда Ташкилотга аъзо давлатлар делегациялари иштирок этди.
Ўзбекистон томон Президент Ш.М.Мирзиёев номидан ЮНEСКО Бош директори Одри Азулени иккинчи муддатга сайлангани билан самимий қутлади. Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистонда ЮНEСКО ваколатига кирувчи соҳаларни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Маданият, таълим, фан ва ахборот соҳаларини молиялаштиришни кенгайтириш, Жаҳон мероси объектларининг 3D нусхаларини яратиш учун замонавий рақамли технологияларни жорий этишни йўлга қўйиш, Президентнинг таълим соҳасида «Янги Ўзбекистон» ва илм-фан соҳасида «Учинчи Ренессанс» кенг кўламли дастурларини амалга ошириш каби жиҳатлар алоҳида қайд этилди.
Тадбирда Ўзбекистон ва ЮНEСКО ўртасидаги кейинги йилларда мустаҳкамланган ўзаро муносабатлар масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Ўзбекистон ҳукуматининг ЮНEСКО ва унга аъзо давлатлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, «Хива жараёни» платформасини ишга тушириш, мактабгача таълим соҳасида Глобал форум ўтказиш ва ЮНEСКО доирасидаги Абу Райҳон Берунийнинг 1050 йиллигини нишонлаш бўйича республика ташаббусларини илгари суриш тарафдори эканлигини билдирилди.
ЮНEСКО билан ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича истиқболдаги режаларга мувофиқ, республика аъзоликка ўз номзодини кўрсатган Ижроия кенгаши ва Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича Ҳукуматлараро қўмита фаолиятида Ўзбекистоннинг иштирокини ошириш, «Бахши санъати» ва «Ипак йўлинг Зарафшон-Қайроққум йўлаги» тегишли рўйхатларга киритиш, Халқаро ахборотдан фойдаланиш кунини нишонлаш бўйича глобал конференция ташкил этиш, шунингдек, универсал кириш, биохилма-хиллик ва геопаркларни тарғиб қилиш каби йўналишларга эътибор қаратилмоқда.
Умумсиёсий дебатларда 50 га яқин давлат делегацияси раҳбарлари, жумладан, ташқи ишлар, таълим, маданият, фан ва спорт вазирлари маъруза қилдилар. Делегатлар ўз маърузаларида ЮНEСКО фаолиятининг турли жиҳатларига тўхталиб ўтди. Ташкилотга аъзо мамлакатлар ва ташкилот ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда уни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди. ЮНEСКО нинг ўз ваколатлари доирасидаги асосий йўналишларини илгари суриш борасидаги фаолият самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар билдирилди, деб хабар беради Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.