Сафардан кўзланган мақсад Коми Республикаси ҳукумат вакиллари билан алоқа ўрнатиш, ушбу ҳудудда вақтинчалик меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг муаммоларини ўрганиш, уларнинг ҳал этилишига кўмаклашиш, ўзбек диаспораси вакиллари, Сиктивкар давлат университети билан алоқа ўрнатиш ва ушбу олий ўқув юртида таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар билан учрашишдан иборат эди.

Хусусан, Коми Республикаси ҳукумати вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва миграция соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Учрашувда Россия томонидан Коми Республикаси ҳукумати раиси ўринбосари Лариса  Карачёва, таълим вазири Наталья Якимова, меҳнат ва бандлик вазири Екатерина Грибкова ва миллий сиёсат вазири Роман Носков иштирок этди.

Лариса Карачёва Ўзбекистон ва Коми ўртасида савдо-иқтисодий, маданий ва таълим соҳаларида ҳамкорлик ривожланиб бораётганини, хусусан, анъанавий тарзда республикадан Ўзбекистонга ёғоч, кўмир, қоғоз ва картон маҳсулотлари экспортининг ҳажми тобора ўсиб бораётганини  таъкидлади. Бунга мисол сифатида 2021 йил Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “INNOPROM: Ўзбекистонда йирик саноат ҳафталиги” халқаро саноат кўргазмасида Комининг корхона ва ташкилотлари ўз лойиҳалари билан иштирок этганликлари тилга олинди. Бундан ташқари, 2022 йил май ойида ушбу ҳудуд тадбиркорларидан иборат делегация аъзолари Москвада бўлиб ўтган Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва электротехника маҳсулотлари ярмаркасида қатнашгани ҳолда бир қатор шартномаларни имзолагани билдирилди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, Россия Федерацияси Божхона вазирлигининг маълумотига кўра, сўнгги бир йилда Коми Республикасига Ўзбекистондан 20 миллион АҚШ долларига тенг маҳсулот импорт қилинган бўлса, Комидан Ўзбекистонга 30 миллион АҚШ долларидан ортиқ ҳажмда маҳсулот экспорт қилинган.

Таълим вазири Наталья Якимова Ўзбекистон таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилганини маълум қилар экан, ушбу ҳудудда жами 80 нафарга яқин ўзбекистонлик талабаларнинг 8 нафари П.Сорокина номидаги Сиктивкар давлат университетида техника, тоғ-кон қазилмалари ва IT йўналишларда таҳсил олаётганликларини билдирди. У сўнгги йилларда Коми Республикасида жойлашган университетларга бюджет асосида ўқиш учун квоталар сони ортиб бораётганлиги сабабли Ўзбекистондан тоғ-кон қазилмалари йўналишида талабалар қабул қилишга, ўқитувчилар тажриба алмашувини йўлга қўйишга тайёр эканлигини айтди.

Меҳнат ва бандлик вазири Екатерина Грибкова республикада расмий равишда жами 800 нафардан ортиқ фуқаролар турли йўналишларда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириб келаётгани хусусида тўхталар экан, 2021 йил давомида яна 9 нафар юқори малакали мутахасислар жалб этилганлигини айтди. Келгусида Бош консулхона билан ўзбекистонлик фуқароларни Коми Республикасидаги саноат ва ишлаб чиқариш соҳаларидаги корхоналарга жалб этишда ҳамкорлик қилишга тайёр экани, бунинг учун вазирлик реестирида 13 мингта вакант иш жойлари мавжудлигини маълум қилди. У яқин кунларда соҳалар кесимида ушбу бўш иш жойларига сўровнома юборилиши ҳам айтиб ўтди.

Бош консулхона делегацияси аъзолари, шунингдек, П.Сорокина номидаги Сиктивкар давлат университети раҳбарияти билан ҳам учрашдилар. Мулоқот давомида Санкт-Петербург шаҳридаги Ўзбекистон Бош консулхонаси, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Бутунжахон ёшлар ассоциацияси координатори билан ҳамкорлик алоқалари, уларнинг олдида турган долзарб вазифалар, айниқса, таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида сўз боргани баробарида келгусида мазкур олийгоҳ билан илмий-амалий йўналишларда ҳамкорлик ва у ерда таҳсил олаётган талабаларни турли тадбирларга жалб этиш юзасидан музокаралар олиб борилди.  

Сафар доирасида ушбу шаҳардаги Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг Миграция масалалари бўйича бошқармаси ходимлари ҳамда узоқ йиллардан буён ушбу шаҳарда истиқомат қилиб келаётган ватандошлар билан учрашув ташкил этилди.

Учрашувда фуқароларга ҳужжат сўраб олиш, фуқароликдан чиқиш, янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларни расмийлаштириш, ФҲДЁ масалалари, ватанга қайтиш гувоҳномасини расмийлаштириш тартиблари тушунтирилди. Фуқароларимиз ва маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза этувчи ташкилот вакилларига миграция сохасидаги янги қарор ва қонунчилик меъёрлари, чет элда меҳнат қилиш учун яратилаётган шароит ва қулайликлар тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилди.

Ватандошларимиз ўзларини қизиқтирган барча саволларга ҳам жавоб олишди.