Ташкилотчилар маълумотларига кўра, тадбирда 300 га яқин маҳаллий ва хорижий компаниялар ўз маҳсулотлари билан қатнашди. 25 дан ортиқ мамлакатдан 6 минг нафар иштирокчи, шунингдек, қарийб 20 минг меҳмон ташриф буюрди.
Анжуманда Ўзбекистондаги ишбилармонлик муҳити, хорижий инвесторлар учун яратилаётган имкониятлар, истиқболли инвестиция лойиҳалари тўғрисида маълумотлар тақдим этилгани баробарида ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли устувор йўналишлари ҳақида сўзлаб берилди. Иқтисодиётнинг турли соҳаларида қўшма лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этишга чақирилди. Ҳиндистон компаниялари вакиллари жорий йил апрель ойида ўтказиладиган Тошкент халқаро инвестиция форумига таклиф қилинди.
Ҳиндистонлик тадбиркорлар Ўзбекистонда сўнгги йилларда иқтисодиётнинг турли соҳаларида эришилаётган муваффақиятларни юқори баҳолаб, мамлакатимиз компаниялари билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш, ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдиришди.
Тадбир доирасида ташкил этилган кўргазмада ҳинд компаниялари саноатнинг турли йўналишларида эришаётган инновацион ютуқлар, замонавий асбоб-ускуна ва технологиялар билан яқиндан танишилди. «Tata Power Renewable Energy», «Energy India», «Arka Agro and Food Industry», «Pulsus Healthcare», «Swastic Pharmaceuticals» ва «KCT Terminal» компаниялари вакиллари билан музокаралар ўтказилди.
Маълумот ўрнида: Андҳра Прадеш Ҳиндистоннинг жанубий-шарқий қирғоқ минтақасида жойлашган. Табиий қазилмаларга бой ушбу ҳудуд мамлакатнинг майдони бўйича тўртинчи, аҳолиси бўйича бешинчи штати ҳисобланади. 2021-2022 молиявий йилида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 155 миллиард АҚШ долларидан зиёдни ташкил этган. Штатда автомобилсозлик, электроника, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, биотехнология, кон-металлургия саноати, тўқимачилик ва чарм, ахборот технологиялари ҳамда иқтисодиётнинг бошқа етакчи йўналишларини қамраб олган йирик корхоналар фаолият юритмоқда.