Партия Матбуот хизмати томонидан билдирилган муносабатда қайд этилишича, Қизил китобга киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги ҳайвон турларини табиий муҳитдан ажратиб олишга рухсатномалар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг хулосаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси келишувига асосан Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан расмийлаштирилади.
Айни пайтда партия камёб ва йўқолиб бораётган ёввойи ҳайвонлар турларини табиий яшаш муҳитидан ажратиб олишга қайси ҳолларда рухсат берилиши аниқ белгиланмаганини таъкидлайди.
Партия Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги 290-сон қарори билан тасдиқланган ўсимлик ва хайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш ва уларга рухсат бериш тўғрисидаги низомни қайта кўриб чиқиш лозимлигига эътибор қаратди.
Шунингдек, партия қонун ҳужжатларига мувофиқ алоҳида зарур бўлган ҳолларда, камёб ва йўқолиб бораётган ёввойи ҳайвонлар турларини табиий яшаш муҳитидан ажратиб олишга рухсат бериш мезонларини (жумладан, аҳоли соғлиги ва хавфсизлигига таҳдид, бошқа ҳолларда) аниқ белгилаш зарурлигини баён этди.
Қолаверса, Экологик партия ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланишга доир рухсатномаларни расмийлаштиришда шаффофликни таъминлаш мақсадида қўмитанинг ахборот тизимларига қўшимча равишда Давлат хизматлари марказлари ва Ягона давлат интерактив хизматлари портали мурожаат юбориш орқали амалга оширилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланишини илгари сурди.