Ғ.Хонназаров, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбири:

– Ўзбекистон-Латвия муносабатларининг бугунги ҳолатини қандай баҳолайсиз?

Абдулазиз Камилов: Бу йил мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлади. Ўтган вақт мобайнида муносабатларимизни ҳатто расмий ҳужжатлар имзоламай туриб ҳам стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш учун барча зарур шарт-шароит яратилди. Энг муҳим халқаро ҳамда минтақавий масалаларда қарашларимиз ва ёндашувларимиз муштарак. Икки томонлама кун тартибида сиёсий муаммоларга эга бўлмаган ҳолда, асосий эътиборни савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий алоқаларимизни, маданият ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратишимиз зарур, деган якдил фикрдамиз. Энг муҳими, музокаралар чоғида биз ўзаро ҳамкорлигимизда пандемия ва бошқа турли сабабларга кўра юз берган танаффуслар туфайли бой берилган имкониятларимиз ўрнини тўлдиришга келишиб олдик.

Эътиборлиси, бундан саккиз йил аввал Латвия Ташқи ишлар вазири мамлакатимизга ташриф буюрган эди. Бугунги учрашувда у ўз хотиралари билан ўртоқлашар экан, Ўзбекистонга бу галги ташрифи таассуротларини қиёслаб, юртимиз бутунлай бошқа давлатга айланганини айтди.

Бугун Янги Ўзбекистон Янги Тараққиёт стратегияси билан барпо этилмоқда. Ўзбекистон тараққиётининг ушбу муҳим босқичида биз латвиялик дўстларимизнинг кўмагини юксак қадрлаймиз.

Ўзаро муносабатларимиз ва жорий кун тартибини такомиллаштиришнинг янги жиҳатларига келсак, биз ўзаро алоқаларни Европа Иттифоқи доирасида давом эттирамиз ва ҳамкорликни ривожлантирамиз. Биз Латвия ТИВ раҳбарининг Европа Иттифоқидаги барча ҳамкасбларини Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашга ундаётганини юксак қадрлаймиз.

Бир сўз билан айтганда, муносабатларимиз жадал ривожланиш босқичида. Ишончимиз комилки, келажакда бунданда катта ютуқларга эришамиз.

 

Валерий Бирюков, ТАСС ахборот агентлиги мухбири (Россия):

– Ҳурматли Абдулазиз Ҳафизович, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, бу давлатга гуманитар, ижтимоий-иқтисодий ёрдам кўрсатиш борасида Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги муносабатларнинг истиқболлари ҳақида батафсил айтиб ўтсангиз.

Абдулазиз Камилов: Бу кутилган савол эди, чунки бугун минтақадаги мавжуд воқеликни ҳисобга олган ҳолда ҳамма Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилмоқда.

Дарҳақиқат, биз Латвия ташқи ишлар вазири билан Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашдик. Албатта, Латвия НАТО ва Европа Иттифоқи доирасида Афғонистон билан боғлиқ муайян мажбуриятларга эга. Бироқ ўтган йиллар шуни кўрсатдики, ҳатто ушбу мажбуриятлар доирасида ҳам Латвия ҳар доим оқилона, амалий, пухта ўйланган, турли мафкуралардан холи ёндашувни намоён этиб келмоқда. Шу боис латвиялик дўстларимиз билан бу масалада мулоқот қилиш биз учун доим ёқимли ва фойдали бўлиб келган. Бўлиб ўтган музокаралар чоғида ҳам биз Латвия делегациясига Афғонистон масаласида Ўзбекистон позицияси ва ёндашувлари ҳақида маълумот бердик.

Бугун Афғонистонда мутлақо янги воқелик шакллангани ҳақиқат. Албатта, ушбу давлат муваққат ҳукуматини тан олиш ёки тан олмаслик борасида турлича ёндашувлар мавжуд. Ҳукуматни тан олиш масаласи – икки томонлама ҳаракатлар эвазигагина амалга ошиши мумкин. Яъни, олдинга силжиш керак: муваққат ҳукумат ўз ваъдаларини бажариши шарт (ва улар жуда кўп). Булар халқаро ҳамжамият қўяётган деярли ўша шарт ва талаблардир.

Бошқа томондан эса халқаро ҳамжамият Афғонистонда амалга оширилаётган ҳар қандай ижобий қадам ва ўзгаришларни рағбатлантириши керак. Бу ҳукумат билан ишлаш, мулоқот қилиш, таъсир ўтказиш, халқаро ҳамжамиятнинг ёндашувлари ва шартлари ҳақида маълумот бериш керак. Шу тариқа қарашларни яқинлаштириш, ўзгаришларни яхши томонга буриш мумкин.

Ўзбекистон энг оғир даврларда ҳам Афғонистон вакиллари билан алоқаларни тўхтатмади. Бугун эса савдо-иқтисодий ҳамкорликни давом эттирмоқдамиз. Гап энергетика ва транспорт коммуникациялари соҳасида ҳам жиддий лойиҳаларни амалга ошириш ҳақида бормоқда.

Ташқи ишлар вазири тимсолида Латвия томони ҳам, Европа Иттифоқи раҳбарияти, жумладан, Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррел ҳам якдил фикр билдирмоқда, яъни бугунги кундаги асосий вазифа – Афғонистонда гуманитар ҳалокатнинг олдини олишдир. Вазиятнинг кескинлашиши жамиятда радикаллашув, турли гуруҳлар ўртасида тўқнашувлар, эктремизм кучларининг кучайишига олиб келиши мумкин.

Ўзбекистон ва Латвиянинг Афғонистон масаласидаги умумий манфаатлари халқаро ҳамжамият манфаатлари билан ҳамоҳангдир. Бу эса, айни пайтда қанчалик ғайритабиий туюлмасин, Афғонистон муваққат ҳукумати позициясига ҳам мос келади. Ушбу ҳукумат мамлакатни террорчилардан тозалаш учун кўплаб чораларни амалга оширмоқда. Улар минтақавий ва халқаро иқтисодий ҳамжамиятга интеграциялашиш истагини билдирмоқдалар. Биз ушбу саъй-ҳаракатларни рағбатлантиришимиз ва қўллаб-қувватлашимиз лозим. Шу билан бирга, ўз шартларимизга амал қилиниши, зўравонликка йўл қўймаслик, терроризмнинг бартараф этилиши, Афғонистон халқи учун муносиб яшаш шарт-шароитлари яратилишини талаб қилишимиз зарур.

Гуманитар фалокатнинг олдини олиш борасидаги ишларнинг муҳим жиҳатларидан бири Ўзбекистон томонидан ташкилий-техник ёрдам кўрсатилаётганидир. Ўзбекистон раҳбарияти ташаббуси билан чегара ҳудуди инфратузилма имкониятларидан фойдаланган ҳолда Афғонистонга инсонпарварлик юкларини ташкиллаштирилган равишда етказиб бериш учун Термиз шаҳрида кўп функцияли халқаро транспорт хаби аллақачон ташкил этилди. Ушбу марказни таъсис этиш ташаббусимизни қўллаб-қувватлагани учун Латвия томонига миннатдорлик билдирамиз.

Афғонистон бўйича етарли тажрибага эга бўлган Латвия саъй-ҳаракатларимизни мувофиқлаштириш мақсадида Афғонистон масаласи бўйича Ўзбекистон билан мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказиш истагини билдирди. Чунки Афғонистон билан боғлиқ кўплаб масалаларда ёндашувларимиз муштаракдир.

Эътиборингиз учун ташаккур.

Манба