Хусусан, давлатимиз раҳбари 2017 йил сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ғоясини илгари суриб, унда ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро стандартларни  белгилаш зарурлигини қайд этган эди. Ушбу таклиф БМТ ва бошқа қатор халқаро тузилмалар, хорижий давлатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Шунингдек, Президентимизнинг 2021 йили БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида Пандемиянинг ёшлар ҳуқуқларига таъсири тўғрисидаги резолюцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш тўғрисидаги таклифи ўша йилдаёқ қабул қилиниб, амалиётга татбиқ этилди.

Давлатимиз раҳбари халқаро форум ва нуфузли минбарларда дунё ёшлари масалаларига оид янги-янги ташаббусларни илгари суриб келмоқда. Ўтган йили Тошкент шаҳрида ёшлар муаммолари ечимига бағишлаб ўтказилган иккинчи глобал конференция, жорий йил март ойида Боку шаҳрида бўлиб ўтган Қўшилмаслик ҳаракати мулоқот гуруҳи саммитида келгуси йили Қўшилмаслик ҳаракати ёшлар тармоғининг “Чексиз имкониятлар саммити”ни кўҳна Самарқандда ташкил этиш ташаббусини илгари сургани фикримиз тасдиғидир.

АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида — БМТ бош қароргоҳида 193 давлатнинг ёшлар сиёсатига масъул вазирлик ва идора раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган ECOSOС — 2023 ёшлар форумида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди. Гибрид форматда ўтказиладиган тадбирда мамлакатимиз вакиллари 2018 йилдан буён қатнашиб келмоқда.

Мазкур форум ёшларнинг БМТдаги сиёсий мунозараларга ҳисса қўшиши учун асосий платформа бўлиб, қатнашчилар ўз фаолиятида дуч келаётган муаммоларга инновацион ечим бериш юзасидан фикр алмашади. Ёшларнинг таклиф ва ғоялари сиёсий муҳокамаларни бойитади. Барча соҳаларда уларнинг иштирокини таъминлаш учун ҳукуматлараро муҳим учрашувларни тўлдиради.

Бу гал ECOSOC ёшлар форумининг кун тартибида коронавирус пандемиясидан кейинги тикланишни тезлаштириш ва барча даражада барқарор ривожланиш стратегияларини тўлиқ амалга оширишга урғу берилди. Форумдаги чиқишимизда мамлакатимизда қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш, ёшларни тадбиркорликка жалб этиш, иш билан таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар, жумладан, янги таҳрирдаги Конституциямизда ёшларнинг ҳақ-ҳуқуқлари кафолати мустаҳкамлангани, умуман, юртимизда ёшлар билан ишлаш тажрибаси хусусида маълумот бердик.

Юртимизда ёшларга сифатли таълим бериш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу вазифаларни маҳалла бўғинидан бошлаб ташкил этиш бўйича вертикал бошқарув тизими яратилди. Тизимни амалиётга жорий этиш мақсадида 9 минг 500 та маҳаллага фидойи ва ташаббускор ёшлар етакчилари тайинланди. Бу тизим орқали ёшларга 100 дан ортиқ имконият яратилиб, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш йўлга қўйилди.

Жумладан, ўтган йилнинг ўзида ёшлар тадбиркорлиги учун 4 триллион сўм кредит берилиб, 150 мингта лойиҳа ишга туширилди. Натижада 325 мингта иш ўрни яратилди. 43 минг гектар экин майдони ажратилиб, 435 минг йигитқизнинг бандлиги таъминланди. 32 мингдан зиёд ёшга субсидия орқали ускуна, меҳнат қуроллари ва компьютер олиб берилди.

2022 йилда 130 минг талабага 1 триллион 700 миллиард сўм таълим кредити берилди. Шундан 85 минг хотин-қизга 1 триллион сўмга яқин фоиз сиз таълим кредити ажратилган. Бугунга қадар магистратурада ўқиётган 10 мингдан ортиқ қизнинг ўқиши учун тўлов-шартнома пули давлат томонидан тўлаб берилди. Эҳтиёжманд оилаларда яшаётган 2 минг қиз, шунингдек, мутахассислиги бўйича беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган 500 дан ортиқ хотин-қиз ҳар йили олий ўқув юртларига алоҳида квота асосида қабул қилинмоқда. Бундан 6 йил аввал ОТМларда 110 минг хотин-қиз таҳсил олган бўлса, ҳозир қарийб 500 минг нафарни ташкил этмоқда.

Шунингдек, 83 минг эҳтиёжманд талабага контракт пули, 14 минг нафарига чет тиллар бўйича имтиҳон харажати тўлаб берилди. 81 минг талабага уй-жой ижараси тўлови ажратилди. “Ёшлар дафтари” орқали 300 минг йигит-қизга қарийб 600 миллиард сўмлик кўмак кўрсатилди.

Ёшларга яратилаётган бундай кенг имкониятлар халқаро майдонда эътироф этилиб, БМТда ҳам Ўзбекистон ёшларининг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва ташаббуслари тингланмоқда. Ташкилот Бош котиби Антониу  Гутерриш ёшлар форуми очилишида таъкидлаганидек, бутун дунё барқарор ривожланиш мақсадларига эришиши учун халқаро ҳамжамият ёшларнинг энергияси, ғоялари ва истеъдодига муҳтож.

“Дунёмиз сизга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳтож. Иқлим ўзгаришидан можароларгача, қашшоқлик ва тенгсизликдан Барқарор ривожланиш мақсадларигача. Ёшлар билан ёнма-ён бу муаммоларни ҳал қилиш йўлларини излаш ушбу форумдаги муҳокамаларнинг ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади”, деди жаноб Гутерриш.

ECOSOС ёшлар форуми мураккаб глобал муаммолар, жумладан, геосиёсий кескинлик кучайиши, иқлим инқирози, қашшоқлик ортиши, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари поймол бўлиши, шунингдек, инқироздан босқичма-босқич, аммо нотекис тикланиш фонида ўтди. Пандемия ва можаролар дунё бўйлаб ёшлар ҳаётига салбий таъсир кўрсатди. Ёшлар ишсизлиги энг юқори даражага етди. Дунё бўйлаб таълимда узилишлар кузатилди ва айрим давлатларда ҳозиргача шундай.

Форум доирасидаги пленар йиғилишлар, давра суҳбатлари ва мунозараларда ёшлар муаммолари, улар учун янги имконият ва қулайликлар яратиш, хусусан, барқарор шаҳарлар ва коммуникация, тоза сув, яшил энергетика, инновация, саноат ва инфратузилма масалалари кўриб чиқилди. Бу нафақат ёш авлод учун, балки бевосита уларнинг иштирокида амалга ошириладиган лойиҳалар сифатида эътиборлидир.

Ўзбекистон делегацияси халқаро доирадаги истиқболли режалар юзасидан иштирокчи давлатлар вакиллари ва АҚШдаги ташкилотлар билан музокаралар ўтказди. Хусусан, БМТ Бош котибининг ёшлар бўйича махсус вакили Жаятма Викраманаяке билан ўтган учрашувда БМТнинг Ёшлар стратегияси — 2030 дастури бўйича мамлакатимизда қилиниши режалаштирилган ишлар юзасидан фикр алмашилди. Суҳбат давомида Жаятмахоним Ўзбекистоннинг ёшлар билан ишлаш тажрибасини дунё ҳамжамияти учун ёрқин намуна сифатида эътироф этди. Мулоқотда келгусида БМТ билан кенг доирада ҳамкорлик қилиш бўйича келишиб олинди.

АҚШ Давлат департаменти ҳузуридаги Глобал ёшлар масалалари бюросининг ёшлар масалалари бўйича махсус вакили, АҚШ делегацияси раҳбари Аббй Финкенауер билан музокараларда истиқболли лойиҳалар юзасидан ҳамкорлик қилиш борасида келишувга эришилди. Хусусан, таълим йўналишида икки давлат ёшлари учун имконият яратувчи дастур ва лойиҳалар ташкил этиш бўйича режалар муҳокама қилинди.

Саудия Арабистони иқтисодиёт ва режалаштириш вазирининг ёшлар масаласи бўйича маслаҳатчиси Отҳман Алмоамар билан эса икки мамлакат ҳамкорлигида ёшларни иқтисодий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш юзасидан тадқиқотлар ўтказишга келишиб олинди.

Асримиз якунига қадар дунёда ёшлар сони 3,5 миллиарддан ошиши прогноз қилинмоқда. Бу эса ёшлар масалалари билан боғлиқ муаммоларга эътиборни янада кучайтиришни тақозо қилади. Мақсадимиз нафақат ўзбек ёшларининг манфаатларини ҳимоя қилиш, балки бутун дунёда ёш авлоднинг “Инсон қадри учун” тамойили асосида фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга ҳисса қўшишдан иборат. Бугун мамлакатимиздаги ёшлар сиёсатининг мазмун-моҳияти айнан мана шу эзгу мақсадга йўналтирилган.

Алишер САЪДУЛЛАЕВ,

Ёшлар ишлари агентлиги директори, сенатор.