Мулоқотда Ўзбекистон билан Мўғулистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлгани қайд этилар экан, томонларнинг сиёсий алоқаларни жадаллаштириш, парламентлараро мулоқотни ривожлантириш, ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосини кенгайтириш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни кучайтиришдан бирдай манфаатдорлиги таъкидланди.

Жорий йилда ўтказилган сиёсий маслаҳатлашувлар ва музокаралар якунлари бўйича 2022-2023 - йилларда Ўзбекистон – Мўғулистон муносабатларини ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилганлиги қайд этилди.

Учрашувда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш борасида салмоқли салоҳият мавжудлигига эътибор қаратилди. Хусусан, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, биринчи навбатда, мева-сабзавотларнинг Мўғулистон бозорига экспортини орттириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ва Мўғулистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги алоқаларининг истиқболлари, шунингдек, Мўғулистон делегациясининг 2022 йил сентябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгаши мажлисидаги иштироки масаласи кўриб чиқилди.

Музокаралар якунида қуйидаги ҳужжатлар имзоланди:

- Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Мўғулистон Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида 2022-2023 йилларда ҳамкорлик дастури;

- Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги ва Мўғулистон йўллар ва транспортни ривожлантириш вазирлиги ўртасида ўзаро англашув тўғрисидаги протокол.

Шу билан бирга, Мўғулистон томони Ўзбекистон фуқаролари учун 30 кунлик муддатга визасиз тартиб жорий этилганини эълон қилди.