Тадбирда «Тараққиёт стратегияси» маркази, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси экспертлари, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимлари, Молия, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Соғлиқни сақлаш вазирликлари вакиллари ҳамда бир қатор идоралар, илмий тадқиқот институтлари раҳбарлари ва мутахассислари, халқаро ташкилотлар вакиллари гибрид (ҳам офлайн, ҳам онлайн) шаклда иштирок этишди.

Давра суҳбатида маҳаллий ва халқаро экспертлар томонидан умумий тенденциялар, пандемиядан кейинги тикланиш, меҳнат бозори, камбағаллик, эмлаш жараёнлари, Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш билан боғлиқ долзарб ислоҳотлар ҳамда Марказий Осиёдаги иқлим ва Ўзбекистоннинг яшил иқтисодиётга ўтиш сиёсати каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Суҳбат аввалида «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков «Ўзбекистон фуқароларини тинглаб» лойиҳаси доирасида олиб борилаётган тадқиқотларнинг аҳамиятига тўхталиб ўтди.

– Мазкур лойиҳа 5 йилдан буён Жаҳон банки билан ҳамкорликда самарали тарзда амалга ошириб келинмоқда. Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, «Ўзбекистон фуқароларини тинглаб» лойиҳаси Ўзбекистонда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг фуқаролар ҳаётида қай даражада акс этаётганини ўрганаётган ягона тадқиқот лойиҳаси ҳисобланади.

Лойиҳа доирасидаги тадқиқотлар орқали аҳоли фикри ва уларнинг фаровонлиги даражаси тизимли равишда кузатиб борилмоқда. Ўтган йиллар давомида мазкур лойиҳа самарали мулоқот воситаси, яъни фуқаролар ва давлат ўртасида ўзига хос «кўприк»ка айланиб улгурди.

Сабаби, тадқиқот натижалари асосида кўтарилган масалалар ҳукумат томонидан амалга оширилган тегишли сиёсий қарорлар, амалий чоралар кўрилишига хизмат қилди. Буларга ички миграция ва «прописка» билан боғлиқ ислоҳотларни ёрқин мисол сифатида келтириб ўтиш мумкин.

Таъкидлаш жоизки, «Ўзбекистон фуқароларини тинглаб» лойиҳаси доирасида Ўзбекистонда илк марта мамлакатдаги камбағалликни баҳолаш ва қашшоқлик чегарасини аниқлаш бўйича тадқиқот олиб борилди.

Мазкур тадқиқот натижалари вазирлик ва идоралар, хусусан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан кенг фойдаланилиб келинмоқда.

Давра суҳбатида Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлигининг ҳамкорлик ва тараққиёт идорасининг Марказий Осиё бўйича директор ўринбосари Дэвид Риннэрт мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Шунингдек, Жаҳон банки мутахассиси Уильям Зейц «Covid-19 вакцинаси борасидаги иккиланишлар: сифатли тадқиқот натижалари» мавзусида тақдимот ўтказиб, у эмланиш ё эмланмаслик борасидаги иккиланишлар, унга таъсир қиладиган омиллар, ихтиёрий эмланиш кўрсаткичлари, шифокорлар ва аҳолининг асосий хавотир ва қўрқувлари, эмланишни рад этишнинг асосий сабаблари, эмлаш ўлимнинг олдини олиши ҳақидаги ва шу каби бошқа бир қанча фактларни турли инфографикалар кўринишида ёритиб берди.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги бошқарма бошлиғи Нурбек Юлдашев эса «Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш билан боғлиқ долзарб ислоҳотлар» мавзусида маъруза қилди. У ўз нутқида асосий эътиборни макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш борасида сўнгги беш йилда амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг натижадорлигига қаратди.

2020 йилда жаҳонда коронавирус пандемиясининг кенг тарқалиши туфайли қабул қилинган карантин чекловлари натижасида таклифларни қисқариш глобал рецессияга олиб келган бўлсада, Ўзбекистон кам сонли давлатлар қаторида ижобий ўсишни сақлаб қолди, – дея таъкидлаб ўтди Нурбек Юлдашев. Шунингдек, у камбағалликни қисқартириш йўналишида амалга оширилган ишларни инфографик кўринишда тақдим этди.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги департамент директори Ўткиржон Холбадалов эса, Ўзбекистонда яшил иқтисодиётни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва 2030 йилга қадар мўлжалланган «яшил» иқтисодиётга эришиш билан боғлиқ режаларга тўхталиб ўтди. Жумладан, ушбу вақт оралиғида иқлим ўзгаришига мослашиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сувдан самарали фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, 1 млн. гектар ерда томчилатиб суғориш тизимини йўлга қўйиш ҳамда «яшил» иқтисодиётга ўтишда хусусий сектор иштирокини таъминлаш каби режалар таҳлилига алоҳида тўхталиб ўтди.

Шунингдек, тадбирда 2022–2026 йилларга мўлжалланган Жаҳон банки ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг асосий дастурини ишлаб чиқиш ҳақида сўз борди. Ушбу лойиҳани амалга оширишда Янги Ўзбекистон «Тараққиёт стратегияси»нинг асосий йўналишларига эътибор қаратилади.

Давра суҳбати якунида экспертлар томонидан пандемиянинг таъсири ва ундан кейинги тикланиш, эмлаш жараёнлари, Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш ҳамда яшил иқтисодиётга ўтиш билан боғлиқ тадқиқот натижалари маълум қилиниб, галдаги вазифалар белгилаб олинди.

«Тараққиёт стратегияси» маркази

Ахборот хизмати