Аввало, сиз, азизларни – кўпмиллатли геологлар, муҳандис ва мутахассислар, ишчи ва хизматчилар жамоасини қутлуғ касб байрамингиз билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Ушбу қувончли айёмда сизларнинг мураккаб табиий шароитларда фидокорона меҳнат қилиб, янги-янги конлар, минерал хомашё манбаларини топиш, уларни мамлакатимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида ишлатиш борасидаги улкан хизматларингизни яна бир бор миннатдорлик билан эътироф этамиз.
Ана шундай саъй-ҳаракатларингиз туфайли юртимизда умумий баҳоси тахминан 3 триллион долларга тенг 2 минг 500 дан ортиқ кон ва 3 мингдан зиёд истиқболли майдонлар аниқлангани Ўзбекистон улкан қазилма бойликлар хомашё базасига эга эканидан далолат беради.
Кейинги йилларда ана шу захираларни ўзлаштириш ва шу асосда иқтисодиётимиз ривожига қудратли туртки бериш бўйича катта ишларни амалга оширмоқдамиз. Жумладан, соҳага халқаро стандартлар жорий этилиб, инвестициявий жозибадорлик оширилмоқда, олтин, кумуш, мис, уран, углеводород конлари ва майдонлари хорижий сармоядорлар учун ҳам тақдим этилмоқда, солиқ ставкалари пасайтирилмоқда. Шу боис дунёдаги энг нуфузли компаниялар мамлакатимизга фаол инвестиция киритмоқда. Ҳозирги вақтда улар билан ҳамкорликда умумий қиймати 30 миллиард 700 миллион доллар бўлган 90 та лойиҳа амалга оширилаётгани диққатга сазовордир.
Бугунги кунга қадар 1 минг 458 та фойдали қазилма объекти онлайн аукцион орқали сотилди. Бунинг ҳисобидан давлат бюджетига 1 триллион сўмдан зиёд маблағ тушди, 100 мингга яқин юқори даромадли янги иш ўринлари яратилди.
Сўнгги ўн йилда давлат бюджетидан 8 триллион 200 миллиард сўм маблағ йўналтирилгани 2 мингга яқин техника ва технологияларни жорий этиш, геология-қидирув ускуналарини 70 фоиз янгилаш имконини берди.
Мамлакатимизда вертолёт ва дронлар ёрдамида аэрогеофизика ишлари йўлга қўйилгани, замонавий 3 D ўлчамли сейсмик комплекс ишга туширилиб, ер қаърини 9 километргача чуқурликда геофизик ўрганиш имконияти яратилгани соҳа ривожида янги давр бошланганидан далолат беради.
Соҳада рақобат ва шаффофлик муҳити шаклланмоқда. Узоқ йиллар давомида эътибордан четда қолган миллий геология мактаби ва таълим тизими қайта тикланди, замонавий талабларга мос бўлган Геология фанлари университети ташкил этилди. Илғор хорижий мактабларнинг илмий салоҳиятидан фойдаланиш ва инновацион технологияларни қўллаш мақсадида Компетенциялар маркази фаолияти йўлга қўйилди.
Ана шундай кенг кўламли ишларимиз туфайли 2016-2025 йилларда 1 минг 900 дан зиёд янги конлар очилди. Агар 2016 йилда тасдиқланган уран захираларимиз 97 минг тоннани ташкил этган бўлса, ўтган даврда яна 16 та янги кон аниқланиб, захира 140 минг тоннага етказилди.
Яқинда Олмалиқда йилига 60 миллион тонна рудани қайта ишлаш қувватига эга бўлган янги мис бойитиш фабрикасини ишга туширдик.
Ҳеч шубҳасиз, бунда ҳам сиз, заҳматкаш геологларнинг алоҳида хизматларингиз борлигини, ана шу мегалойиҳа натижасида 6 мингдан ортиқ юқори даромадли иш ўрни яратилгани, корхона ҳисобига йилига 5 миллиард доллар маблағ келиб тушишини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.
Ҳурматли соҳа ходимлари!
Биз “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида геология соҳасини янада ривожлантириш бўйича ҳам келгуси вазифаларни аниқ белгилаб олдик. Юртимизнинг минерал хомашёга бой, истиқболли ҳудудларини геологик жиҳатдан ўрганишни кенгайтириш, олтин ишлаб чиқаришни – 1,5 баробар, кумушни – 3 карра, мисни – 3,5 марта, уран, темир ва кўмирни – 3 ҳисса оширишни мақсад қилганмиз.
Сиз, жонкуяр ва матонатли геологларнинг катта билим ва тажрибангиз, мустаҳкам ирода ва меҳнатсеварлик фазилатларингиз ҳисобидан бу юксак марраларга албатта эришамиз, деб ишонаман.
Соҳа ходимларининг меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш, уларнинг машаққатли фаолиятини муносиб рағбатлантириш масалалари бундан буён ҳам доимо эътиборимиз марказида бўлади.
Сизларни бугунги қутлуғ айём билан яна бир бор чин дилдан қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, шарафли ишларингизда янги ютуқ ва омадлар, хонадонларингизга тинчлик ва фаровонлик тилайман.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти