Уста-тадбиркор Иброҳим Султонов раҳбарлик қилаётган Ҳунармандчилик маркази мато ва гилам тўқишга ихтисослашган. Тўқувчилик унга бобомерос касб. Ўз даврида Марғилон ҳунармандларининг пешвоси бўлган Султонбой Дадажонов тўқувчилик сирларини ўғли Ашурали Султоновга, у эса ўғли Иброҳим Султоновга ўргатган. И.Султонов бугун бобоси ва отаси ишини давом эттириб, муваффақият қозонмоқда. 

Марказ 2020 йили Президентмизнинг Фарғона вилоятига ташрифи чоғида очилган эди. Бугун марказдаги мато тўқиш цехида 400 нафар хотин-қиз иш билан таъминланган. Гилам тўқиш устахонасида 1200 дан ортиқ ишчи-ходим ҳунар билан машғул. Бундан ташқари, Марғилон шаҳри, Қўштепа, Ёзёвон, Бағдод туманларида касаначилик йўналиши бўйича ишчилар бор.

— Республикамизнинг 13 та ҳудудида марказ филиаллари очилиши кутилмоқда, — дейди марказ раҳбари Иброҳим Султонов. — Фойдаланишга топширсак, яна 300 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Дастгоҳ ва хомашёлар тайёр. Яқин кунларда учта марказ иш бошлайди. Матоларимиз 30 дан ортиқ мамлакатга буюртма асосида етказиб берилади. Тожикистон билан шартнома тузилган. Ҳозир марказимиз ҳунармандлари томонидан тўқилган митти гиламчани Гиннес рекордлари китобига киритиш учун ҳаракат қиляпмиз. Гиламча тўлиқ қўл меҳнати маҳсули бўлиб, 5 ой давомида тўқилган.