16 октябрь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Мудофаа вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳамкорлигида «Ўзбекистон ҳарбий атамашунослиги: бугунги ҳолати ва истиқболлари» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан ташкил этилган ушбу тадбир мамлакатимизда ҳарбий соҳа ва давлат тили сиёсатининг уйғунлиги, хусусан, Истиқлол даврида ҳарбий атамаларни миллийлаштириш бўйича қилинган ишлар ҳамда айни кунлардаги муҳим вазифалар юзасидан фикр алмашишда ўзига хос минбар бўлди.
Давра суҳбатини Мудофаа вазирининг ватанпарварлик тарғиботи, маънавий-маърифий ишлар ҳамда ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Олимжон Ўсаров олиб бориб, ўз сўзида у Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 21 октябрдаги Фармонида мамлакатимиз ижтимоий ҳаётининг барча соҳалари каби ҳарбий соҳада ҳам давлат тилининг имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришиш бўйича қатор топшириқлар белгилаб берилгани, бу борада амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режаларга тўхталиб ўтди.
Шунингдек, филология фанлари номзоди, доцент Ҳамид Ёдгоров «Истиқлол даври ҳарбий атамашунослигининг тарихий илдизлари» мавзусидаги маърузаси билан иштирок этди.
Давлат тилини ривожлантириш департаменти масъул ходими, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Нодирбек Жўрақўзиев эса соҳада амалга оширилаётган методик ишлар ҳамда янгиланган ҳарбий атамаларни амалиётга татбиқ этиш жараёнлари ҳақида сўз юритди.
Давра суҳбати якунида ҳарбий атамашунослик соҳасини янада ривожлантириш, Мудофаа вазирлиги ва Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда давлат тилидаги ҳарбий атамалар луғати ва услубий қўлланмаларни яратиш вазифалари белгиланди.