Тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги, Ҳиндистон пахта ассоциацияси, Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг 70 га яқин турли компаниялари вакиллари ҳамда икки давлат элчилари иштирок этди.

Бўлиб ўтган тадбир Ҳиндистоннинг етакчи оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилмоқда. Хусусан, “BW Businessworld”, “Sarkaritel” нашрлари ва “All India Radio” радиоси веб-саҳифалари ҳамда қатор электрон газеталарда Ўзбекистон элчиси маърузаси ҳамда тадбир мобайнида иштирокчилар томонидан кўтарилган долзарб масалалар, билдирилган таклифлар акс эттирилган қатор мақолалар чоп этилди.

Хусусан, Ҳиндистоннинг ҳукумат ва корпоратив секторлар ҳақида маълумот берувчи энг кўп ташриф буюриладиган веб-сайтларидан бири бўлган “Sarkaritel” электрон платформаси “Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Дилшод Аҳатов қуйидаги баёнотни тақдим қилди” деб хабар бермоқда: “Ўзбекистон замонавий рақобатбардош дори воситаларини ишлаб чиқариш учун илғор технологияларни, оригинал дори воситаларини ишлаб чиқаришга йўналтирилган замонавий лабораториялар ва илмий марказларни яратишга ҳинд инвесторларини жалб қилишдан манфаатдор. Ишбилармонлик ҳамкорлиги орқали ҳинд компаниялари 35 миллион аҳолига эга бўлган Ўзбекистон бозорига ҳамда мамлакатнинг МДҲ давлатлари ва Грузия билан эркин савдо шартномалари орқали 300 миллион истеъмолчига эга бозорга кириш имкониятини қўлга киритади”.

“BW Businessworld” нашри ўз мақоласида ёзишича, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Маниш Прабҳат икки мамлакат инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим устида иш олиб бораётгани, минтақалар ва вилоятлараро бизнес имкониятлар илгари сурилаётганлиги, хусусан, Ҳиндистоннинг Гужарат ва Харьяна штатлари ҳамда Ўзбекистоннинг Андижон ва Фарғона вилоятлари ўртасида савдо ва сармоявий катта имкониятлар мавжудлиги ҳақида гапириб ўтди.

"Дунё" АА мухбирининг қайд этишича, ҳинд оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги шерикликнинг кенгайиши нафақат икки давлат учун, балки Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга туртки беришига алоҳида эътибор қаратмоқда.