МДҲ давлат раҳбарлари кенгашининг бу йилги йиғилиши илк бор Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида видеоанжуман шаклида бўлиб ўтди. Саммит кун тартибида МДҲ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг ҳолати ва устувор йўналишлари кўриб чиқилиб, ўзаро шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш бўйича биргаликдаги режалар белгилаб олинди. Унда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббуслар нафақат мамлакатимиз ривожига, балки барча аъзо давлатлар манфаатига хизмат қилиб, бугун ҳукм сураётган мураккаб шароитдан қўлни қўлга бериб чиқиб кета олишга ҳам замин яратади.
Жамшид ҚЎЧҚОРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари,
иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири:
— Президентимиз ўз чиқишида бир муҳим ташаббусни илгари сурди.
Бу ташаббус — саноат кооперациясини ривожлантириш. МДҲга аъзо мамлакатлардаги саноат тармоқлари кўп маънода бир-бирини тўлдиради. Бир-бири билан боғлиқ ва улар қўшилган қиймат занжирини пайдо қилувчи тармоқлар, десак муболаға бўлмайди. Шу боис, давлатимиз раҳбари келгуси йилда Тошкентда саноат кооперацияси форумини ўтказиш таклифини билдирди. Албатта, бу форумга катта тайёргарлик кўришимиз лозим бўлади. Унда ўзбекистонлик тадбиркор ва саноатчилар бошқа мамлакатлардан келадиган кўплаб ҳамкасблари билан йирик шартномалар тузишга эришади. Тадбир натижасида ишлаб чиқаришни боғлаш, кооперацияни ривожлантириш юзасидан кўплаб келишувларга умид қиламиз. Бунинг натижасида Ўзбекистоннинг саноат ишлаб чиқариш салоҳияти янада юксалади, иш ўринлари яратилади ва натижада бу таклиф халқимизнинг фаровонлигига хизмат қилади.
МДҲ давлат раҳбарлари кенгашининг муҳим натижалари сифатида қуйидагиларни айтиб ўтишимиз мумкин. Биринчидан, МДҲга аъзо мамлакатларни иқтисодий ривожлантириш стратегияси ва унинг 2021-2025 йилларга мўлжалланган иш режаси тасдиқланди. Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ҳақидаги битим ва инновациялар ҳақидаги стратегия имзоланди. Шунингдек, транспорт логистика хизматларини ривожлантириш стратегияси тасдиқланганини алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим. Ўзбекистон раислигида жорий йилда бўлиб ўтган йиғилишда мана шундай катта-катта ҳужжатлар қабул қилиниши мамлакатимиз раҳбари МДҲни ривожлантиришга қанчалик катта эътибор бераётгани ва шу орқали Ўзбекистон миллий иқтисодиётини ривожлантиришни таъминлаётганининг яққол мисолидир.
Бир сўз билан айтганда, МДҲни ривожлантириш доирасида имзоланган битим ёки концепция бўладими, ҳамма-ҳаммаси Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишларга ҳамоҳанг. Бу яна бир карра шуни кўрсатадики, МДҲ давлат раҳбарлари кенгашига 2020 йилдаги раислик тўлиқ Ўзбекистон манфаатларига хизмат қилади.