Унда иштирок этаётган мамлакатимиз делегацияси раҳбари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов ва Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова «2030 йилгача барқарор ривожланиш кун тартибини амалга оширишда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг ўрни» мавзусидаги ёрдамчи тадбирда қатнашдилар.

Анжуман Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон ва Қирғизистон Инсон ҳуқуқлари бўйича вакиллари томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар глобал алянси (GANHRI) ва Австралиянинг БМТ Тараққиёт дастурининг доимий ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Иштирокчилар БМТнинг ихтисослашган агентликлари билан ҳамкорликда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар олдида турган мавжуд муаммо ва БРМларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашдилар.

Парижнинг асосий тамойиллари – плюрализм, мустақиллик ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларни мустаҳкамлаш самарадорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон делегацияси «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг асосий қоидалари ва мақсадлари, шунингдек, мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги сиёсати, жумладан, Омбудсманнинг фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш, жазони ижро этиш муассасалари фаолиятини мониторинг қилиш бўйича фаолияти ва «Омбудсман+» миллий профилактика механизми модели ҳақида батафсил маълумот берди.

Шунингдек, мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида 2030 йилгача бўлган даврга мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари глобал кун тартибига эришиш бўйича мажбуриятлари қайд этилди. Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини тизимли равишда ошириш, фуқароларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги имкониятларини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланган.

Ёрдамчи тадбир иштирокчилари аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан фикр ва тажриба алмашиб, Ўзбекистон томонининг фикрини қўллаб-қувватладилар ва ўз мамлакатларида ҳуқуқий маданият масаласи долзарблигини таъкидладилар.

Бундан ташқари, ташриф доирасида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар глобал алянси (GANHRI) раиси Марям Абдулла Ал-Аттия, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Европа ва Марказий Осиё бўйича департамент бошлиғи Ҳулан Цедев, шунингдек, БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси котибияти раҳбари Хавьер Леоз Инвернон, БМТнинг Аёлларга нисбатан камситишларга барҳам бериш қўмитаси котибияти раҳбари Каролина Харвей ва БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмитаси котибияти раҳбари Жорж Арая билан учрашувлар ўтказди.

Музокаралар чоғида хорижий томонга Омбудсман институти томонидан инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, миллий профилактика механизмининг амалга оширилиши, ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳа ва дастурлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, БМТнинг инсон ҳуқуқлари институтлари ва бошқа халқаро ташкилотлар билан икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.