Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2025 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи муҳокама қилинди.
Кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ахборот берди, деб ёзади қуйи палата ахборот хизмати.
Мажлисда мамлакатимиз барқарор иқтисодий ўсиш йўлида аниқ натижаларга эришаётгани маълум қилинди. Хусусан, 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажми 7,2 фоизга ошган. Ялпи ички маҳсулот таркибида
- бозор хизматлари 8,2 фоизга,
- саноат ишлаб чиқариш 6,6 фоизга,
- қурилиш ишлари 10,7 фоизга,
- қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 4 фоизга ошди.
Ҳисобот даврида «Ёшлар дафтари» орқали ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 121,8 млрд. сўм маблағ ажратилган.
4 377 нафар ёшлар илм-фан, замонавий касбларга ўқитилган, 934 нафарининг бандлиги таъминланган. Ёшларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, ишсизликни камайтириш мақсадида «Ёшлар бандлик дастурлари» тасдиқланган.
Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш йўналишида
- 156 290 нафар хотин-қизлар тадбиркорлик ва касб-хунарга ўқитилган,
- 1 771 нафарининг уй-жойини яхшилаш чоралари кўрилган,
- 99 нафари уй-жой билан таъминланган.
Аҳолини тиббий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида 40 ёшдан ошган 8,2 млн нафар аҳоли ҳамда 5 миллиондан ортиқ болалар оммавий скрининг текширувларидан ўтказилган.
«Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида энг оғир аҳволдаги 1 042 та маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, туман ва шаҳарларда «Драйвер» лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда комплекс ривожлантириш харажатларига 3,2 трлн сўм маблағ йўналтирилган.
Экологик вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида республика бўйича 55 та «яшил боғлар» барпо этилди. 130 минг гектар майдонда ўрмон барпо қилиш ва қайта тиклаш тадбирлари амалга оширилган. Оролбўйи минтақасидаги ўрмонзорлар майдони 2 млн. гектарга етказилди.
Мажлисда қайд этилганидек, ҳисобот даврида жами 21 млрд. долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, бу кўрсатгич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 фоизга ўсган. Қиймати 2,5 млрд. долларлик 30 та лойиҳаларни ишга тушириш орқали 3 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилган, 66 та туманга 50 млн. доллардан кўп сармоя киритилган.
Давлат бюджети даромадлари 144, 2 трлн. сўмга етиб, 27,8 фоизга кўпайган. Давлат бюджетининг харажатлари ҳисобот даврида 173,3 трлн. сўмни ташкил этиб, 16,4 фоизга ўсган. Шундан, ижтимоий соҳаларга йўналтирилган маблағ 86,2 трлн. сўмни ташкил қилиб, ўтган ойнинг шу даврига нисбатан 16,4 фоизга кўп. Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун 14,7 трлн. сўм субсидиялар ажратилган.
Давлат дастурининг ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш борасида белгиланган устувор йўналишлари доирасида муайян ишлар амалга оширилган. Жумладан, болаларни мактабгача таълим билан қамров даражаси 77 фоизга, мактабга тайёрлов тизимида қамров 96 фоизга етказилган.
Мажлисда депутатлар ижтимоий соҳани ривожлантириш масалаларига устуворлик берилгани, ёшлар бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш борасида алоҳида Дастурларнинг қабул қилинганини ҳамда рақамли индустрия ва АйТи-стартаплар йўналишида эришаётган натижаларини юқори баҳолади.
Шу билан бирга, давлат дастурида ижро муддати узайтирилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш чораларини кўриш, бунда мутасадди вазирлик ва идораларнинг масъулиятини янада ошириш лозимлигини таъкидладилар. Буджет харажатлари устидан самарали назорат ўрнатиш, ўз вақтида ўзлаштириш, буджет интизомини мустаҳкамлаш борасида таклиф ва тавсиялар илгари сурилди.