2021 йилнинг сентябрь ойида истеъмол бозоридаги товарлар ва хизматларнинг истеъмол нархлари индекси (ИНИ) 1,1 %ни ташкил этди. Жорий йил бошидан истеъмол секторида нархларнинг ўсиш даражаси 5,9 %, ўртача ойлик ўсиш даражаси эса 0,6 %ни кўрсатди. Йиллик нисбатда ИНИ ўсиш даражаси 10,8 %га етди, деб ёзмоқда review.uz сайти.

Ўтган йили январь-сентябрь ойида умумий ИНИ ўсиш даражаси 6,3 %ни, ўртача ойлик ўсиш даражаси 0,7 %ни, 2019 йилнинг мос даврида эса ўсиш даражаси 9,7 %ни, ўртача ойлик ўсиш даражаси эса 1,0 %ни ташкил этган.

2021 йилнинг сентябрь ойида нархлар ва тарифлар ошиши бўйича етакчилик аҳолига пуллик хизматларга тегишли бўлиб, ой давомида уларнинг нархлари ўртача 1,5 %га ошди. Ушбу даврда, озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 1,2 %га, ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархлари 0,7 %га юқорилаган.

Умуман олганда, 2021 йилнинг дастлабки тўққиз ойида озиқ-овқат маҳсулотлари 6,7 % га қимматлашиб, 2020 йилнинг мос давридаги кўрсаткичдан 0,8 фоиз бандга ва 2019 йилнинг январь-сентябридаги мос кўрсаткичдан 1,7 фоиз бандга паст бўлди.

Маҳсулотларнинг асосий гуруҳлари орасида 2021 йилнинг 3 чорагида нархлар ошиши бўйича етакчи учликдан ёғ-мой маҳсулотлари (1,2 баробар), гўшт маҳсулотлари (9,5 %) ҳамда шакар, қандолат маҳсулотлари ва десертлар (8,6 %) ўрин олган.