Жанфранко Гречи Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ўрнатилган алоқаларни юксак қадрлашини билдирди. 2022 йилда ваколатхона кўмагида қатор делегациялар билан самарали мулоқот олиб борилганини мамнуният билан таъкидлади.

У жорий йилда ҳам Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ўзаро ишончли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлида саъй-ҳаракатларни изчил давом эттиришга тайёр эканлигини билдирди.

Жанфранко Гречи, шунингдек,  Италия қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва уюшма етакчилигида жорий йил май ойида Неаполь шаҳрида ўтказиладиган «II Mediterraneo Wine&Food and Travel» озиқ-овқат халқаро кўргазмасига тайёргарлик ишлари бошланганини маълум қилди.

«Ушбу кўргазмада Лотин Америкаси, Европа ва Яқин Шарқ минтақасидан 20 дан ортиқ давлатнинг иштирок этиши режалаштирилмоқда. Тадбирда турли мамлакатларнинг озиқ-овқат маҳсулотлари намойиш қилиниши билан бирга юқори даражадаги расмий учрашувларни ўтказиш ҳам назарда тутилмоқда. Бугунги кунда кўргазма концепцияси ишлаб чиқилмоқда”, деди Жанфранко Гречи. Ушбу халқаро тадбир Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини дунёга янада яқиндан танитиш, шунингдек, Италия қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш учун яхши имконият бўлиши мумкин».

Бўлиб ўтган учрашувда мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида сўнгги йилларда эришилаётган натижалар ва истиқболдаги вазифалар тўғрисида сўзлаб берилди. Соҳада халқаро ҳамкорликни кучайтириш ва янги экспорт бозорларини кашф қилиш муҳим эканлиги таъкидланди.

Учрашув якунида Неаполь шаҳрида бўлиб ўтадиган «II Mediterraneo Wine&Food and Travel» озиқ-овқат халқаро кўргазмасида Ўзбекистон вакилларининг иштирокини пухта ишлаб чиқишга келишиб олинди.