Жанубий Корея давлатида бўлиб ўтган мазкур ўйинда ҳамюртларимиз ишончли ғалабага эришди. Жумладан, ўйиннинг 24-дақиқасида Элдор Шомуродовнинг ажойиб рейди ва чиройли узатмасидан сўнг Ҳожимат Эркинов ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Биринчи бўлимнинг қолган дақиқаларида дарвозалар бошқа ишғол этилмади ва жамоалар 1:0 ҳисоби билан танаффусга чиқди.

77-дақиқага келиб ҳамюртларимиз ҳисобдаги устунлигини мустаҳкамлади. Бу сафар Одил Ҳамробековнинг ўнг қатондан жарима майдончасига узатмасини Остон Ўрунов дарвозага жойлаб қўйди.

Шу тариқа, Ўзбекистон МТЖ Камерунни 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Бу билан Сречко Катанес шогирдларининг ғалабали серияси 7 та ўйинга етди.

Эслатиб ўтамиз, аввал хабар берганимиздек, 27 сентябрь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси навбатдаги ўртоқлик учрашувини ЖЧ-2022нинг яна бир иштирокчиси Коста-рика терма жамоасига қарши ўтказади. Мазкур ўйин ҳам Жанубий Кореяда ташкил этилади.