Ўзбекистон Республикаси «Ўз архив» агентлиги директори У.Юсупов ҳамда жаноб Ко Кю Чанг бошчилигида Корея Республикаси Ички ишлар ва хавфсизлик вазирлиги департамент директори Ём Хюн Сук хоним ва Корея Миллий архиви директори катта ўринбосари Ли Гем Ма хоним ўртасида учрашув ўтказилди. Учрашувда хорижий томонга Корея Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Элчихонаси вакиллари ҳамроҳлик қилишди.
Мазкур учрашувда томонлар Корея Миллий архиви билан архив иши соҳасида 2016 йил 17 августда имзоланган ҳамкорлик меморандуми қоидалари асосида ўрнатилган дўстона муносабатлар, жумладан, шу кунга қадар ҳамкорликда амалга оширилиб келинаётган лойиҳалар ва қўшма тадбирлар ҳамда бўлғусида амалга оширилиши лозим деб топилган лойиҳалар тўғрисида ўзаро фикр алмашди.
Хусусан, томонлар архив иши соҳасида фаолият юритувчи малакали экспертлар ва мутахассислар билан ўзаро алмашинувни йўлга қўйиш, томонлар тадқиқотчиларига давлат архивларида сақланувчи архив материалларини тадқиқ этиш, уларнинг нусхалари билан ўзаро алмашиш, келишилган мавзулар бўйича архив материалларини чоп этиш, ҳужжатлар кўргазмаларини ташкил этиш, ҳамкорликда илмий-амалий конференция ва семинарларни ўтказиш, малака ошириш бўйича ўқув дастурларни қайта тиклаш борасида таклифлар билдирилди.
Тадбир доирасида кореялик меҳмонларга Ўзбекистон Миллий архиви фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида қисқа экскурсия ташкил этилди.