Ҳар шаҳру кент бугун обод боғу бўстон,

Ўзбекистон кучаймоқда, Ўзбекистон.

Дунё давлатлари дейди: Донғи достон,

Ўзбекистон кучаймоқда, Ўзбекистон.

 

Аввал бошда сал менсимай қарашганди,

Кимлар – қилич, кимлар-чи, тиш қайрашганди,

“Қайгача ҳам борарди” деб сайрашганди,

Қарға, тўти бўлиб роса яйрашганди.

Пуфаклардай пучаймоқда иғво, бўҳтон,

Ўзбекистон кучаймоқда, Ўзбекистон.

 

Миллатларнинг бирлашган ташкилотида,

Давлатларнинг ҳар мажлис-машғулотида,

Ўзбекистон: “Жафокаш халқ афғон” дейди,

“Неча йиллар чекмиш оҳу фиғон” дейди.

Айтадирки: темир йўллар олиб борай,

Уйларингга симёғочлар тортиб борай.

Биргалашиб тўлдирайлик камин, дейди,

Ўз уйида ўзгаларнинг ғамин ейди.

Неки инсонпарварликдир – куйдириб жон,

Ўзбекистон кучаймоқда, Ўзбекистон.

 

Бир чиройли янграр тонгда азонларинг,

Оятлардан нур таратган айвонларинг.

Ўттиз йиллардан сўнг, мана, Қатар келди,

Арбоблари лайлаклардай қатор келди.

Бизнинг элга бу миллатнинг ихлоси бор,

Уйларида Бухорийнинг мероси бор.

Амир ўзи дарахт экди Самарқандда,

Ер юзини карахт этди Самарқандда.

Шердор айтсин, Шоҳизинда ё Регистон,

Ўзбекистон кучаймоқда, Ўзбекистон.

 

Эй, оламга Дантеларни берган диёр,

Петраркани туғиб кўкрак керган диёр.

Ҳар ғиштинг, ҳар салобатли устунингда,

Даҳоларнинг емирилмас номлари бор.

“Бобурнома” билан келдик забт этгали,

Чин юракдан, чин дилдан суҳбат этгали.

Ҳар неки бор бунда бари тантанавор,

Италия, шонли диёр, шонли диёр!

Замонавий афсонага ўхшамоқда,

Қадимий Рим ўзи гилам тўшамоқда,

Румога ҳам кириб келган улуғ карвон —

Ўзбекистон кучаймоқда, Ўзбекистон.

 

 

Бордир аммо кўнгли бизга ғаш давлатлар,

Бизни ҳасад қилгувчи бадрашк давлатлар.

Йўқ бўлсанг гар — сариқ чақа беролмайди,

Бор бўлсанг гар — кўролмайди, кўролмайди.

Бизнинг ҳеч бир мамлакатдан гинамиз йўқ,

Тегадиган суқимиз ё киннамиз йўқ.

Бир майизни қирққа бўлиб еган халқмиз —

Кўзимиз тўқ. Ўзимиз тўқ. Кўнглимиз тўқ.

Жаҳолат ҳам охир топгай ниҳоялар —

Эзгуликка хизмат қилсин пок ғоялар.

Ер юзини эгалламай ҳасад, риё,

Ҳамкорликни кучайтирсин сармоялар.

Ким ўқраяр, кимлар эса лолу ҳайрон:

Ўзбекистон кучаймоқда, Ўзбекистон.

 

Ўзбек деса, борлиғини берган оғам,

Иззат қилмиш олийжаноб зот Эрдоған.

Гарчи олам бугун турфа фикру ўйловлидир,

Улуғ зотлар олам аро сийловлидир.

Вақт ўзи девонларин сандиқлайди,

Юнус Эмро ҳазратлари тасдиқлайди.

Бу оламга қанча улуғ хитоб берган,

Қанча илму ирфон, қанча китоб берган.

Айтмангизким, куч — уруғда, куч — аймоқда,

“Ота юртим” деган эллар кўпаймоқда,

Китоб билан оламни забт этмиш чунон,

Ўзбекистон кучаймоқда, Ўзбекистон.

 

Дунё кезмоқ — шунчаки бир сайру гаштмас,

Тамошо ё борди-келди деган гапмас.

Улуғ зотлар бекор айтмас, бекор айтмас:

Ислоҳотлар ортга қайтмас, ортга қайтмас!

Ўзбекистон, боғу бўстон, боғу бўстон,

Кундан кунга донғи достон, донғи достон.

Олмониё, Мажористон, Фарангистон —

Етти иқлим давлатлари сенга меҳмон,

Ўзбекистон, бағри осмон танти мезбон.

Бу бир чўпчак эмас ва ё жумбоқ-чистон,

Ўзбекистон кучаймоқда, Ўзбекистон.

 

Ўйламангким, мен йўқ гапни бор айладим,

Мен бор-йўғи кўнглимни изҳор айладим.

Байроқларинг бир жонажон ҳилпирайди,

Жону дилим жимирлайди, жимирлайди.

Бир имзонгда қанча ору, қанча ғурур,

Она юртим, қаддингни кер, қандингни ур!

Чиқиб келдинг не-не мудҳиш замонлардан,

Худо Ўзи паноҳ берсин ёмонлардан!

Юзга кирган оналарнинг дуолари қўшилмоқда,

Асрий орзу-армонларинг ушалмоқда,

Ўзинг букун мардлар аро марди майдон,

Ўзбекистон кучаймоқда, Ўзбекистон.

 

Сирожиддин САЙЙИД,

Ўзбекистон халқ шоири

11.06 - 9.07.2023