6 августда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги кўмагида ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 3-Маслаҳат учрашуви доирасида «Туркманбоши» (Туркманистон) Халқаро портида ўтказилган Марказий Осиё мамлакатларининг кўп тармоқли кўргазмасида иштирок этди. Кўргазмада Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келган тадбиркорлар ҳам қатнашдилар.

Инфратузилмавий объектларни ҳисобга олган ҳолда кўргазманинг умумий майдони 8,6 минг квадрат метрни ташкил этди. Унда Ўзбекистон маҳсулотларини мамлакатимизнинг озиқ-овқат, тўқимачилик, чарм-пойабзал, электротехника, кимё, фармацевтика ва заргарлик саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва автомобилсозлик саноати каби 9 та етакчи тармоқларининг корхоналари намойиш этди.

Кўргазмада жами 55 нафар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари намойиш этилди. Жумладан, «Ўзсаноатқурилишматериаллари» Уюшмаси юқори сифатли том ёпиш материаллари, мармар маҳсулотлари, бўёқ ва лок-бўёқ маҳсулотлари, алюмин-композит панеллари, стеклопакетлар, рангли витраж ойналари, гипскартон, қуруқ қурилиш қоришмалари, сантехника маҳсулотларини тақдим этди.

«Ўзавтосаноат» АЖ корхоналари кўргазма иштирокчиларига замонавий маҳаллий йўловчи автомобиллари, автобуслар, самосваллар, махсус транспорт воситалари (тез ёрдам, ўт ўчириш ёрдами, йиғим-терим машиналари), контейнер ташувчилар ва мобиль совутгичлар, тижорат юк машиналари, тракторлар, комбайнлар, осма ва тиркама техника воситаларини намойиш этди.

Электроника ва техника ишлаб чиқарувчилари телевизорлар, кондиционерлар, маиший техника, мобиль телефонлар, маиший техникада ишлатиладиган алюминий ва мис кабел ҳамда сим маҳсулотлари, мис қувурлари ва замонавий лифтларнинг сўнгги моделларини намойиш этиш имкониятига эга бўлди.

Илғор илмий ишланмалар асосида яратилган юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналар, сунъий ўпка шамоллатиш аппаратлари, маҳаллий дори воситалари, жумладан, ковидга қарши дори-дармонлар каби фармацевтика саноати маҳсулотлари ташриф буюрганларнинг алоҳида эътиборини тортди.

Кўргазма давомида бошқа мамлакатлардан ташриф буюрувчилар ва ишлаб чиқарувчилар Ўзбекистон корхоналари маҳсулотларига катта қизиқиш билдирдилар. Тадбир бевосита бизнес алоқаларни йўлга қўйиш, қўшма саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга ошириш ва ўзаро манфаатли савдо шартномаларини тузишни назарда тутган ҳолда амалий ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш учун платформа бўлиб хизмат қилди. Тармоқ вазирликлари ва идоралари раҳбарлари ва экспертлари қўшни мамлакатлардан бўлажак ҳамкорларни Ўзбекистон саноатининг инвестициявий ва саноат салоҳияти билан таништирдилар ҳамда аниқ қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш мақсадида уларнинг айримлари билан амалий ҳамкорлик бўйича келишувларга эришдилар, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.