TALIS (Teaching and Learning International Survey) ўқитувчилар фаолияти, иш шароити ва мактабдаги таълим муҳитини баҳолашга қаратилган энг йирик халқаро тадқиқот бўлиб, ҳар олти йилда ўтказилади. Сўнгги марта 2018 йили ўтказилган TALIS халқаро баҳолаш тадқиқотларида 48 та давлат қатнашган. Натижалар эса 2020 йили июнь ойида эълон қилинган.

— Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ташкил топган кунлардан бошлаб тизимда сифат кўрсаткичларини янги босқичга олиб чиқишга ҳаракат қилиб келинмоқда. Шу нуқтаи назардан соҳадаги муаммо ва ютуқларимизни шаффоф тарзда аниқлаб олиш биз учун жуда муҳим, — деди инспекция бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев. — Умуман олганда, TALIS тадқиқотларини мамлакатимизда ўтказиш бўйича бир неча йилдан буён ҳамкорлик қилиб келяпмиз. Шундай экан, биз учун бу тизим бегона эмас. Хусусан, сўнгги йилларда умумтаълим мактаблари миллий рейтингини аниқлашда ҳам мазкур тизимга мослаштирилган сўровномалардан мунтазам фойдаланяпмиз. Бу орқали қатор ютуқ ва камчиликларимизни мамлакат миқёсида аниқлаяпмиз. Ушбу тадқиқотнинг халқаро миқёсда ўтказилиши эса мамлакатимиздаги таълим тизимини холисона баҳолаб, муаммо ва камчиликларимизни бошқа мамлакатлардаги ҳолат билан солиштиришимизга ва келгусидаги режаларимизни янада аниқроқ белгилаб олишимизга хизмат қилади.

TALIS тадқиқоти ўқитувчилар ва мактаб директорлари ўртасида олинадиган сўровномалар орқали таълим муассасасидаги бошқарув муҳити баҳоланади. Унда тасодифийлик асосида танлаб олинадиган ўртача 200 та таълим муассасаси, 4000 нафар ўқитувчи ва 200 нафар мактаб директори қатнашиши кўзда тутилган. Халқаро тадқиқотлар натижаларининг ўзаро интеграциясини таъминлаш ва олинадиган таҳлилларнинг қамровини кенгайтириш мақсадида жараённи PISA тадқиқоти ўтказиладиган мактаблар билан боғлиқ ҳолда амалга ошириш имкониятлари ҳам мавжуд. Тадқиқотнинг мақсади шуки, таълим муассасаларидаги аҳвол, ўқитувчиларнинг фаолиятидаги муаммолар тизимли таҳлил қилиниб, натижалар индивидуал тарзда эмас, балки репрезентативлик тамойили асосида давлатлар ва халқаро миқёсда солиштирма таҳлиллар олиб борилади.

Ўзбекистон Республикаси умумтаълим муассасаларининг ушбу нуфузли халқаро TALIS тадқиқотида иштирок этиши масаласи Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилдаги қарорида белгиланган бўлиб, ушбу тадқиқотда қатнашиш бўйича Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ўртасида бир неча марта олиб борилган учрашувлар натижасида тадқиқотда қатнашиш бўйича дастлабки келишувга эришилган эди. Тадқиқотда иштирок этиш бўйича молиявий масалалар эса инспекция ва Жаҳон банки ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳада кўзда тутилган.