«Ўзбекистон футзал федерацияси ҳамда мураббий ўртасида 2 йиллик шартнома имзоланди.

Мендес мамлакатимиз футзал ишқибозларига яхши таниш. У муқаддам икки бор Ўзбекистон миллий терма жамоасини бошқарган: дастлаб 2011-2012 йилларда, сўнг 2014-2017 йилларда. Унинг раҳбарлиги остида терма жамоамиз Осиё чемпионатида 2014 йилда бронза, 2016 йилда эса кумуш медални қўлга киритган.

52 ёшли Хосе Мария Пазос Мендес — Пулпис 1974 йил 28 март куни Испаниянинг Луго шаҳрида таваллуд топган. Футзалчилик фаолиятини ўзининг қадрдон шаҳри жамоалари — «Луго» ҳамда «Аутос Лобелле» клубларида дарвозабон сифатида бошлаган.

1996 йилда клуб раҳбарияти бош мураббийни истеъфога чиқаргач, ушбу лавозим Мендесга таклиф этилади. Шу тариқа у 22 ёшида ўйинчилик фаолиятини якунлаб, мураббийлик фаолиятини бошлайди.

Икки йиллик фаолиятдан сўнг у бошқа клублардан таклифлар олади ва «Мелиля», «Кафе Канделас Луго», «Валенсия», Хорватиянинг «Оркан», шунингдек, «Барсел» жамоаларида ишлайди.

2008-2009 йилларда Таиланд, 2010 йилда эса Ветнам миллий терма жамоасини бошқарган. Шундан сўнг унинг Ўзбекистон билан боғлиқ фаолияти бошланди. Миллий жамоамиздан ташқари, 2016-2017 йилларда мамлакат чемпиони «Ардус» клубида ҳам фаолият юритган. Шунингдек, Ўзбекистон ёшлар жамоасига асос солиб, қатор иқтидорли футзалчиларни кашф этган.

2019-2026 йиллар давомида у яна Таиландда фаолият олиб борди. Мураббий сифатида икки карра Осиё кубоги вице-чемпиони, бронза медали совриндори, шунингдек, клублар ўртасидаги Осиё чемпионати ҳамда Осиё кубок эгалари кубоги ғолиби бўлган», – дейилади федерация хабарида.