Мазкур ташриф икки давлат раҳбарларининг ўзаро дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари доирасида ташкил этилди.
Дастлаб меҳмонларни фахрий қоровул иштирокида расмий кутиб олиш тадбири бўлиб ўтди. Ҳарбий оркестр томонидан икки давлат мадҳияси ижро этилди. Кутиб олиш маросимидан кейин Баҳодир Қурбонов дастлаб фахрийлар китобида дастхат қолдирди.
Шундан сўнг музокаралар давом эттирилди. Музокаралар аввалида Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов Истанбулда содир бўлган терактлар муносабати билан ҳалок бўлганлар оиласига чуқур ҳамдардлик билдирди, жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишига тилак билдирди. Музокараларда мудофаа вазирлари Ўзбекистон ва Туркия давлатларини бир-бири билан чамбарчарс боғлаб турувчи жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтишди ҳамда ҳарбий соҳада икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, истиқболига, шунингдек ҳарбий тайёргарлик, таълим ва техник таъминот масалалари ҳам алоҳида эътибор қаратишди.
Музокаралардан сўнг икки давлат Мудофаа вазирлиги раҳбарлари Ўзбекистон ҳамда Туркия ўртасида ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги битимни имзоладилар. Туркия ва Ўзбекистон ўртасида ҳарбий ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланганидан сўнг вазирлар матбуот учун қўшма баёнот берди.