«Мягкое золото России» - мўйна бозоридаги муҳим воқеа ва саноатнинг ишбилармонлик ҳаёти жамланган асосий бизнес платформадир. Кўргазма-тақдимотда ҳар йили Россия ва хориждан мўйнали кийим-кечак ишлаб чиқарувчилар, дизайнерлар, йирик мультибренд дўконлар вакиллари, мода саноати мутахассислари, ёш дизайнерлар ўз лойиҳаларини тақдим этиш учун йиғилади.

Бу йил кўргазма «Енгил саноат: янги вазифалар – янги имкониятлар», «Россия халқ амалий санъати муаммолари: ечим», «Ишбилармонлик туризми: янги драйверлар», «Ижодий саноат учун кадрлар» каби мавзуларни қамраб олди. Шунингдек, «Енгил саноат: Саноат ривожининг драйверлари» мавзусида ялпи мажлис, «Енгил саноат йўналишида халқаро ҳамкорлик: маҳаллий маҳсулотларни ички ва ташқи бозорда илгари суриш имкониятлари ва стратегиялари» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Кўргазма доирасида, B2B бизнес-мулоқотлар ва мўйна саноатини ривожлантиришга бағишланган конференция бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш салоҳияти намойиш этилди. Қоракўлчилик ва қиммат баҳо мўйнали маҳсулотларни қайта тиклаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва чорвачиликни ривожлантириш юзасидан маълумотлар тақдим этилди.

«Ўзчармсаноат» уюшмаси вакиллари « Semifur», « Namia», «Sofia», «Furnova», «Manakas», «Bel Koop Mex», «Skiftex», «Ekostil» ва бошқа мўйна саноати корхоналари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва етакчи компанияларни мамлакатимизга жалб этиш бўйича музокаралар олиб борди. Мазкур компаниялар кузда Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган халқаро «UzCharmExpo-2023» кўргазмасида иштирок этишини тасдиқладилар, деб хабар беради «Ўзчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.