Август ойи бошидан буён Россиянинг Новосибирск областига Ўзбекистондан 198,9 тонна олма етказиб берилди. Бу ҳақда маҳаллий infopro54.ru интернет-нашрига асосланиб «Дунё» АА хабар берди.

Жўнатилган барча маҳсулотлар фитосанитар сертификатларига эга, дейилади РФ ветеринар ва фитосанитар назорати федерал хизмати пресс-релизида.

Мевалар Россия давлат чегарасига ўтаётганда «Карасук» фитосанитар карантин постида, шунингдек, маҳаллий бозорлар ва омборхоналарга туширилаётганда яна бир бор текширувдан ўтказилди.

Олмалар Новосибирск области ва шаҳрида сотишга чиқарилди. Бундан ташқари уларни импортчи мамлакатнинг бошқа ҳудудларига юбориш учун ҳам рухсат берилди.