Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ҳамда Фанлар академиясининг Геномика ва биоинформатика маркази олимлари ишлаб чиқаётган иккита вакцина Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг номзод вакциналар рўйхатига киритилди. Мазкур икки вакцина ҳозир клиниколди синовлардан ўтказилмоқда.

ЖССТнинг маълумотлар базаси COVID-19 вакцинасига қарши вакцина-номзодлар тўғрисидаги тўлиқ маълумотларни йиғиб боради. Мазкур база мунтазам равишда — ҳафтасига икки марта янгиланади. Унда COVID-19 га қарши номзод-вакциналарнинг клиник ва клиниколди жадвали келтирилган бўлиб, номзод-вакциналарни таҳлил қилиш имкониятини беради.

Ҳар бир вакцинанинг биринчи, иккинчи ва учинчи босқич синовлари кузатилади. Эмланмаларнинг хавфсизлиги ва самарадорлиги тўғрисидаги илмий мақолаларга ҳаволалар берилади. Шунингдек, бу база ҳар бир номзод-вакцинанинг асосий хусусиятлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади. Ўз навбатида, мазкур платформа орқали COVID-19 га қарши яратилаётган эмланмалар турли мезонлар, хусусан, вакцина платформаси, эмлаш жадвали, қўллаш усули, ишлаб чиқарувчиси, синов босқичи, клиник натижалар бўйича таснифланган.