Жорий йилнинг октябрь ойи охирида Ўзбекистон делегацияси Туркияга сафар қилди. Мақсад Туркиянинг ўрмончилик соҳасидаги тажрибаси билан танишиш ва ўрмонларнинг биохилма-хиллигини сақлаш ҳамда уларни қайта тиклаш бўйича ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган эди.
Ўзбекистон Республикасининг ўрмон фонди ерлари 12 миллион гектардан зиёд майдонни эгаллайди, ўрмонларнинг кўп қисми баланд тоғлар ён бағирларида ва водий ҳудудларида жойлашган. Мамлакатда дарахтзорларнинг қарийб 70 тури, буталарнинг 320 тури ва ярим бутали ўсимликларнинг 130 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, 320 дан ортиқ ноёб ва йўқолиб бораётган ўсимлик турлари Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.
Ташриф БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти — ФАОнинг Ўзбекистондаги иккита — “Ўзбекистон тоғ ва водий ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш” ва “Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” (CACILM-2) минтақавий лойиҳаси кўмагида ташкил этилди.
Анқарада делегация аъзолари ФАОнинг Марказий Осиё бўйича субминтақавий координатори Виорел Гуцу билан учрашдилар. Хусусан, томонлар ўрмон хўжалиги ва биохилма-хилликни сақлаш соҳасида кадрлар салоҳиятини ошириш, шунингдек, Глобал Экологик Жамғарма ресурсларини жалб қилган ҳолда Орол денгизи ландшафтларини тиклаш бўйича янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва кейинчалик амалга ошириш зарурлиги тўғрисида келишиб олдилар.
Сўнгра Ўзбекистон делегацияси III Ўзбекистон—Туркия ўрмон хўжалиги қўшма конференциясида иштирок этди. Учрашув якунлари бўйича умумий қиймати 2 миллион долларлик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди. Бундан ташқари, Туркия Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлиги томонидан Ўзбекистоннинг деградация ва эрозияга учраган ўрмонларида тоғ террасаларини яратишни қўллаб-қувватлаш учун умумий қиймати 300 минг доллар бўлган 2 та мини-экскаватор берилди.
Ўзбекистон делегацияси Туркияга ташрифи давомида Элазиг ҳудудида сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш доирасида тоғ ўрмонларини яратишнинг ўзига хос жиҳатлари билан ҳам танишди.
Ўрганилган тажриба ва янги технология ҳамда кўникмаларни кейинчалик қўллаш Ўзбекистон ҳудудларида ўрмонларни қайта тиклаш, ўрмонзорларни кўпайтириш, туризмни ривожлантиришда катта аҳамиятга эга бўлади.