GFSI озиқ-овқат маҳсулотларидан фойдаланиш имкониятлари, уларнинг мавжудлиги ва хавфсизлиги, шунингдек, дунёдаги 113 та мамлакатнинг табиий ресурслари ва барқарорлигига оид масалаларни кўриб чиқади.
2019-2021 йиллар бўйича умумий рейтингда Ўзбекистон икки поғона кўтарилди ва 2021 йилда 113 та мамлакат орасида 78-ўринни эгаллади.
“Иқтисодий фойдалана олиш имконияти” категорияси бўйича мавқеини 15 пунктга яхшилади.
Мутахассислар “Табиий ресурслар ва барқарорлик” категориясида Ўзбекистон бўйича баҳони сезиларли даражада яхшилади. Иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича саъй-ҳаракатларнинг юқори баҳоланиши рейтингда мамлакатимизга ушбу категорияда 19 поғона кўтарилиш имконини берди.
Мамлакат даражасида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва мамлакатимиз рейтингини яхшилаш учун, биринчи ўринда, Ўзбекистоннинг баҳолари энг ёмон бўлган “оғриқли” нуқталарга эътибор қаратиш зарур:
Масалан, сув ресурслари. Жаҳон ресурслар институти маълумотларига кўра, Ўзбекистон учун сув ресурслари соҳасидаги хавф жуда юқори. Ушбу кўрсаткичларни йиллик умумий сув олишни камайтириш орқали яхшилаш мумкин. Бунинг учун эса барча босқичларда сув йўқотишни қисқартириш зарур. Айниқса, юртимизнинг энг заиф ҳудудлар сифатида ажралиб турган 3 та ҳудуди – Самарқанд, Навоий ва Жиззах вилоятларида сув йўқотишларни қисқартиришга алоҳида эътибор қаратиш керак.
Озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача қийматининг ўзгариши. Истеъмол озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг йиллик ўзгариши билан боғлиқ вазиятни яхшилаш учун ички бозорда ўзимизда ишлаб чиқариладиган, шунингдек, мос нархларда импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари таклифини ошириш зарур. Шу билан бирга, нархларнинг асоссиз равишда ошиб кетишига йўл қўймасликка қаратилган чора-тадбирларни кучайтириш ва импорт қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотлари учун белгиланган тарифларни қайта кўриб чиқиш керак.
Д.Ильина
ПМТИ лойиҳа раҳбари