АҚШ Давлат департаменти вакили Морган Ортагус ўзининг «Twitter» ва «Instagram» ижтимоий тармоқларидаги расмий саҳифаларида ўзбек оши учун ўз миннатдорлигини ёзиб қолдирди.
У АҚШ Давлат департаментидаги бошқа ҳамкасблари сингари, АҚШнинг тегишли идоралари, Вашингтондаги дипломатик корпус вакиллари, ишбилармон ва маданий доиралар намоёндалари иштирокида Ўзбекистон мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонасида тайёрланган байрам паловидан татиб кўрди.
Морган Ортагус ўзининг «Twitter» (454 минг обуначи) ва «Instagram» (6 минг) ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида: «Мустақиллик куни! Кеча мен Колумбия округида жойлашган Ўзбекистон элчихонасидаги ўзбек дўстларимиздан гуручдан тайёрланган миллий таом - мазали паловни яна бир бор тановул қилдим. Жорий йил бошида Ўзбекистонга ташрифим чоғида ҳам мен бу мазали таомни татиб кўрган эдим. Шу боис Колумбия округида Ўзбекистон таъмини ҳис этиш менга катта завқ бағишлади».
Элчихона хабарига кўра, барча меҳмонлар «Америка пойтахтида Ўзбекистоннинг миллий гастрономик брендини татиб кўриш имконияти» учун самимий миннатдорлик билдирди, деб хабар беради «Дунё» АА.