Бугун бўлиб ўтган учрашувнинг илк қисми тенг курашлар остида ўтди. 21-дақиқада панамалик футболчи Эстевис Лопес пенальти ишлаб олди, аммо уни голга айлантира олмади — дарвозабон Иброҳим Шокиров аниқ ҳаракати билан тўпни қайтара олди.
Иккинчи бўлимда устунлик бутунлай ўзбекистонлик ўсмирлар томонига ўтди.
48-дақиқада Абубакр Шукруллаев ҳисобни очди, 52-дақиқада Садриддин Ҳасанов фарқни оширди.
67-дақиқада Сайфиддин Содиқовнинг голи ҳисобни йирик кўринишга келтирди.
Учрашувнинг сўнгги дақиқаларида заҳирадан майдонга тушган футболчилар ҳам фаол иштирок этишди — Жамшидбек Рустамов, Асилбек Алиев ва Абдусамад Саидов тўп киритишга муваффақ бўлди.
Панама термаси фақат битта жавоб тўпи билан чекланди.
Натижада Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Панамани 6:1 ҳисобида мағлуб этиб, гуруҳ босқичини юқори кайфиятда якунлади.